Жаҳон | 15:59 / 01.01.2025
2883
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Британия Яман пойтахти Санога 6 марта ҳаво ҳужуми уюштирди

Ҳужум қилинган объектлар орасида Мудофаа ва Ахборот вазирликлари бинолари ҳам бор.

Фото: Anadolu Agency

Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилар АҚШ ва Буюк Британия пойтахт Санога олтита ҳаво ҳужуми уюштирганини маълум қилди.

Ҳусийчиларнинг «Ал-Масираҳ» телеканалининг Telegramʼдаги саҳифасида берилган хабарда, АҚШ ва Буюк Британиянинг пойтахт Сано шаҳрига, жумладан, мудофаа ва ахборот вазирликлари биноларига 6 марта ҳаво ҳужуми уюштиргани билдирилди.

Ҳужум натижасида қурбон бўлганлар ёки яраланганлар бор-йўқлиги, етказилган зарар ҳақида маълумот берилмаган.

АҚШ ва Буюк Британия бу борада ҳозирча баёнот бергани йўқ.

Ҳусийчилар ҳарбий вакили Яҳё Сери ўз баёнотида ҳусийчиларга алоқадор Яман қуролли кучлари ракеталардан фойдаланган ҳолда иккита «маҳоратли ҳарбий операция» ўтказганини айтди.

Серига кўра, биринчи операцияда «Босиб олинган Фаластиннинг Яффа ҳудудидаги Бен Гурион Исроил аэропорти иккита гипертовушли баллистик ракета билан урилган», «иккинчи операцияда эса, ишғол остидаги Қуддус жанубида электр станциясига баллистик ракета тегди» 

Унинг сўзларига кўра, ракеталар иккала ҳолатда ҳам нишонларни муваффақиятли урган. Серининг таъкидлашича, ҳужум «USS Harry Truman авиаташувчисидан мамлакатга кўп сонли дрон ва ракеталарнинг учирилиши» билан бир вақтга тўғри келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид