Жаҳон | 11:39 / 01.01.2025
2116
2 дақиқада ўқилади

MyHeritage Россияда хизмат кўрсатишни тўхтатади

Исроилнинг MyHeritage шажара билан шуғулланувчи компанияси 1 феврал куни ўз серверларидан Россия Федерациясидаги мижозлар маълумотларини ўчириб ташлайди.

Фото: blog.myheritage.com.br

Исроилнинг MyHeritage шажара компанияси Россияда хизмат кўрсатишни тўхтатмоқда. Бу 31 декабр, сешанба куни Ҳабр микроблоглар тармоғида эълон қилинган фойдаланувчилардан бирининг жавобидан келиб чиқади.

Россия Федерациясидаги мижозлар аккаунтлари ва улар билан боғлиқ маълумотлар, жумладан ДНК тести натижалари 1 феврал куни MyHeritage серверларидан ўчириб ташланади. Ўша санагача тегишли маълумотларни ва генеалогик маълумотларини экспорт қилиш мумкин.

Қарор Россия қонунчилигидаги ўзгаришлар билан боғлиқ.

Катта жарималар таҳдиди остида

2022 йил январида MyHeritage Россияда россияликлар ҳақидаги маълумотларни сақлашдан бош тортгани учун бир ярим миллион рубл (13 минг евро) жаримага тортилди.

Россия Федерациясида 2015 йил 1 сентябрдан бошлаб барча компанияларни Россиядаги серверларга шахсий маълумотларни жойлаштириш мажбуриятини берувчи қонун кучга кирди.

Россияликларнинг шахсий маълумотларини рус серверларига ўтказишдан хавотирда бўлган ишбилармонлар процедура арзон эмаслигини айтишди. Шундай қилиб, 2015 йилда «Доктор на работе» стартапида «кўчиб ўтиш» қиймати бир миллион рублга (8600 евро) баҳоланди. Маълумотлар марказининг ойлик харажатлари тахминан бир ярим баробар ошди.

2015 йил июн ойи ўрталарида Халқаро сиёсий иқтисод бўйича Европа маркази (ECIPE) Россиянинг қонундан кўрган зарарини 286 миллиард рубл (2,4 миллиард евро – ЯИМнинг 0,27 фоизи) деб баҳолади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид