Жаҳон | 21:08 / 02.01.2025
9552
2 дақиқада ўқилади

Британияда 52 йил олдин бедарак йўқолган аёл топилди

Шейла Фокс 16 ёш пайти йўқолиб қолган ва полиция уни қидиришга тушган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали эълон қилинган сурат аёлнинг топилишига хизмат қилди.

Фото: West Midlands police

Британияда 52 йил олдин йўқолган аёл полиция унинг суратини ижтимоий тармоқларда эълон қилганидан кейин топилди. Шундай қилиб мамлакатда бедарак йўқолишга оид энг узоқ давом этган ишга якун ясалди, деб ёзади The Guardian.

Қайд этилишича, 68 ёшли Шейла Фокс 1972 йилда, 16 ёшлигида Ковентрида йўқолиб қолган. У вақтда Уэст-Мидлендс полицияси қиз ота-онаси билан яшагани ва бир эркак билан муносабатда бўлганига оид тахминни илгари сурган. Полиция ўшанда қиз ўз хоҳиши билан кетиб қолган бўлиши мумкинлигини айтган эди.

29 январ куни Уэст-Мидлендс полицияси Фоксни топиш бўйича янги чақириқ билан мурожаат қилиб, унинг 16 ёшлигидаги суратини ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирган. Орадан бир неча соат ўтиб жамоатчилик вакиллари полиция билан боғланган, 1 январ куни эса ҳуқуқ-тартибот органлари Фокс тирик эканини тасдиқлаган.

Маълум бўлишича, аёл ҳозирда мамлакатнинг бошқа қисмида истиқомат қилмоқда. «Биз Уэст-Мидлендс полициясида бедарак йўқолганлик ҳолати бўйича энг узоқ давом этган ишлардан бири якунлангани тўғрисида хабар беришдан мамнунмиз», — дейди маҳаллий полиция вакили.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда элекричкада йўқолиб қолган беларуслик қиз 20 йилдан сўнг Россияда топилиб, ота-онасига қайтарилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид