Иқтисодиёт | 13:43 / 06.01.2025
958
2 дақиқада ўқилади

Покистон ва Ўзбекистон ўртасида авиакарго хизмати йўлга қўйилади

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Карачи шаҳрида TCS транспорт-логистика компанияси раҳбари Халид Аван билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот чоғида икки мамлакат савдо алоқаларининг изчиллигини таъминлаш, товарларни ўз вақтида ва сифатли етказиб бериш механизмлари, давлатларимизнинг транспорт-транзит салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

"Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлик ташаббуси Ўзбекистон ва Покистоннинг транзит ташувлардаги ҳаб имкониятларини тўлиқ ишга солиш, ҳаво, автомобил ва темирйўл инфратузилмалари салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, икки томонлама савдо ҳажмларини максимал оширишга хизмат қилади", - деди TCS раҳбари.

Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги транспорт/транзит ташувларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида компания ўзаро муқобил йўналишларни ишлаб чиққанини ва фойдаланаётганини, бу фавқулодда юзага келиши мумкин бўлган вазиятлардан тезкор чиқиб кетиш имконини бераётганини маълум қилди.

Шунингдек, Халид Аван Покистон ва Ўзбекистон ўртасида авиакарго хизматини йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Таъкидлашича, бу хизмат тури тез айнийдиган ва қисқа муддатларда етказиб берилиши зарур бўлган маҳсулотларни ташишда кенг имкониятлар яратади.

Бундан ташқари, компания Европа ва Америка давлатлари билан туризм йўналишидаги ҳамкорлик тажрибаси асосида Ўзбекистон билан ҳам алоқаларни йўлга қўйиш, TCS бош офиси қошида Uzbekistan visa facilitation centre визага кўмаклашиш марказини ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид