Жаҳон | 17:42 / 06.01.2025
2115
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Яқин йилларда АҚШ космодромларида тирбандликлар юзага келади

АҚШдаги асосий учта космодромдан ўтган йили 150 дан ортиқ учиришлар амалга оширилди, қолган старт майдончалари етарлича талабга жавоб бермайди. SpaceX ва бошқа компаниялар эса космосга парвозлар сонини оширишни режалаштирмоқда.

Фото: ZUMA Press

АҚШда яқин йилларда космосга ракеталарни учиришга мўлжалланган асосий старт майдончаларига бўлган талаб рекорд даражада ошиши кутилмоқда, деб ёзади The Wall Street Journal. Таъкидланишича, бунга SpaceX ҳамда бошқа компаниялар парвозлар сонини оширишни режалаштираётгани сабаб бўлади.

Космик парвозлар сони бўйича рекорд ўрнатилган 2024 йилда (150 дан ортиқ) стартларнинг асосий қисми учта майдончадан амалга оширилган. Хусусан, Флориданинг Канаверал бурнидаги старт комплекси энг кўп юкламага дуч келган (67 та учириш). Иккинчи ўринни Калифорниядаги Вандерберг базаси (47 та) эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Кеннеди космик марказига (26 та) насиб этди.

WSJ’нинг қайд этишича, парвозлар сонини ошириш режалари сабаб старт майдончаларида тирбандлик юзага келиши мумкин, ҳукумат амалдорлари ва соҳа раҳбарлари захира майдончалар фойдали юкларнинг космосга ўз вақтида чиқариш имконини бермаслигидан хавотирда. Федерал фуқаролик авиацияси бошқармасининг собиқ амалдори Жорж Нилднинг сўзларига кўра, ҳар қандай авария энг йирик космодромлардан бирини бир ойга ишдан чиқариши мумкин.

Бошқа космодромлар федерал рухсат олишда қийинчиликларга дуч келмоқда, уларнинг бир қисмида денгизга чиқиш имконияти йўқ (ракеталар одатда соҳил бўйидаги ҳудудлардан учирилади). Соҳиллар бўйича янги старт майдончасини қуриш эса жуда қийин, чунки маҳаллий аҳоли шовқинлар сабаб кўпинча бунга рози бўлмайди.

Амалдорлар ушбу муаммони ҳал этишга уринмоқда. Федерал фуқаролик авиацияси бошқармаси (FAA) миллий космодром стратегиясини ишлаб чиқиш учун бир гуруҳ давлат идораларига раҳбарлик қилади. Бу йўналишдаги иш бўйича ҳисобот 2025 йилда тақдим этилиши кутилмоқда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид