Жаҳон | 16:22 / 08.01.2025
1143
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда Германиядан депортация қилинганлар сони 20 фоизга ошди

2024 йилнинг январидан ноябригача Германиядан деярли 18,4 минг киши депортация қилинди, дея хабар бермоқда Bild ҳукумат вакилига таяниб. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кўпдир.

Фото: Reuters

Германияда депортация даражаси сезиларли даражада ошди. 2024 йилнинг январидан ноябригача Германиядан 18 384 киши чиқариб юборилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 20 фоизга кўпдир, деб ёзди 7 январ, сешанба куни Германиянинг Bild газетаси Германия ҳукуматининг номи ошкор этилмаган вакилига таяниб.

Bild суҳбатдошига кўра, «депортациялар масаласида федерал ва маҳаллий ҳукуматларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари» биринчи натижаларни кўрсатди.

2023 йил давомида Германия ҳукумати мамлакатда қолиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган 16 430 нафар муҳожирни депортация қилди. Таққослаш учун, 2019 йилда 22 000 га яқин депортация амалга оширилган, шундан сўнг COVID-19 пандемиясининг биринчи йилида уларнинг сони сезиларли даражада камайди. Bild маълумотларига кўра, 2024 йилда Германияда бошпана сўраш учун 213 минг ариза берилган, бу 2023 йилга нисбатан анча кам.

Германияда бошпана учун сўровлар сони 30 фоизга камайди

2024 йилда Германияда бошпана сўраб мурожаат қилганлар сони 30 фоизга қисқариб, 230 мингга яқинни ташкил қилди. Бу ҳақда 3 январ куни Welt am Sonntag (WamS) газетаси ҳукумат доираларидаги суҳбатдошларига таяниб ёзди.

Бир йил аввал Германия расмийларига 329 мингта шундай ариза келиб тушган. Германия Ички ишлар вазирлиги яқин кунларда якуний статистикани тақдим этади.

Германия тарихида бошпана сўраб мурожаат қилишнинг йиллик сони ҳозирги даражадан бор-йўғи олти марта ошган: 1991-1993 йиллардаги Югославия урушлари пайтида, 2015-2016 йиллардаги миграция инқирозининг энг юқори чўққисида ва 2023 йилда, дея қайд этади нашр.

Ишдан кетаётган федерал ҳукумат бир неча ой давомида бошпана изловчилар оқимини камайтиришдаги муваффақиятини эълон қилди, аммо мақсад сифатида фақат 2023 йилдан фойдаланди. Шу билан бирга, «светофор коалицияси» ҳокимиятда бўлган биринчи тўлиқ йил бўлган 2022 йилда бошпана сўровлари сони 2021 йилга нисбатан 47 фоизга ошди, дея тушунтиради WamS. 2023 йилда бу кўрсаткич бир йил аввалгига нисбатан 51 фоизга ошган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид