Жаҳон | 11:13 / 10.01.2025
3672
3 дақиқада ўқилади

Германия шошилинч равишда Украинага бошқариладиган ракеталарни топширади

Мудофаа вазири Писториус Киевга IRIS-T ҳаво мудофаа тизими учун ракеталарни ваъда қилди. У Украинани Бундестаг сайловлари натижаларидан қатъи назар, Германиядан кейинги ёрдамга умид қилиши мумкинлигига ишонтирди.

Фото: Heiko Becker/REUTERS

Германия шошилинч равишда IRIS-T ҳаво мудофаа тизими учун бошқариладиган ракеталарнинг янги партиясини Украинага топширади, улар Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда ёрдам беради. Бу ракеталар дастлаб Бундесвер учун мўлжалланган эди, аммо энди ишлаб чиқаришдан тўғридан тўғри Украинага жўнатилади, деди Германия мудофаа вазири Борис Писториус 9 январ, пайшанба куни АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Германиянинг Рамштайн шаҳридаги базасида Украина мудофааси бўйича контакт гуруҳи йиғилишида.

Россиянинг Украинада давом этаётган ҳаво ҳужумлари, жумладан кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиш фонида Писториус шундай қўшимча қилди: «Биз ўз захираларимизни тўлдиришдан аввал Украинани таъминлаймиз». Вазирнинг сўзларига кўра, Украина 23 февралга белгиланган Бундестагга навбатдан ташқари сайловлар натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, Германиядан ҳарбий ёрдамга умид қилиши мумкин.

Германия Мудофаа вазирлиги Х платформасидаги ўзининг микроблогида шундай хабар берди: «Германия Украинага ишончли ва кучли ёрдам беришда давом этмоқда. 2025 йилда аллақачон ваъда қилинган олтита IRIS-T тизими етказилади, энди Германия IRIS-T тизимлари учун 50 га яқин бошқариладиган ракеталарни ажратади».

Der Spiegel: Шолц Украина учун янги ёрдам пакетини блоклаяпти

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва мудофаа вазири Борис Писториус 23 февралга белгиланган Бундестаг сайловлари олдидан Украинага қурол-яроғ етказиб бериш учун режалаштирилганидан ортиқ 3 миллиард евро ажратмоқчи, бироқ бунга федерал канцлер Олаф Шолц идораси тўсқинлик қилмоқда, деб ёзади Der Spiegel 9 январ куни.

Украинага юборилиши керак бўлган қуроллар рўйхати 2024 йил ноябр ойида Германия ҳукумати коалицияси парчаланганидан кўп ўтмай тузилган. У ракеталар билан жиҳозланган учта Iris-T ҳаво мудофаа батареяси, Patriot ракеталари, ўнта ғилдиракли гаубица ва артиллерия ўқ-дориларини ўз ичига олган, дея таъкидлади нашр. Унинг маълумотларига кўра, Германия Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги қўшимча ёрдам зарурлигини Киевнинг фавқулодда эҳтиёжларини режалаштириш билан асослаган: хусусан, Украинанинг ҳарбий аҳволи сўнгги ойларда сўнгги ойларда кескин ёмонлашган. Россия ҳужумининг тезлашиши ва АҚШ президентлик сайловларида Доналд Трампнинг ғалаба қозониши 20 январ куни инаугурациядан кейин Вашингтон Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этадими ёки йўқми, деган саволни юзага чиқарди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид