Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бербок: Россия «соядаги флоти»нинг занглаган танкерлари - ЕИ учун таҳдид
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россия санкцияларни четлаб ўтиб, яроқсиз кемалардан нефт ташишда фойдаланаётганини танқид қилди. Улардан бири Германия қирғоқларида бошқарувни йўқотди.
Болтиқ денгизида бошқарувни йўқотган ва деярли 100 минг тонна нефт билан Германия қирғоқлари яқинида сузиб юрган Eventin танкери Россия «соядаги флоти»нинг бир қисми бўлиб, эски кемалардан фойдаланиш Европа хавфсизлигига таҳдид солади. Бу ҳақда 10 январ, жума куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок маълум қилди. Шу билан бирга, Бербок Россия президенти Владимир Путинни нафақат «занглаган танкерлар паркидан фойдаланиш» орқали Москвага жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтишда, балки «Болтиқбўйи минтақасида туризм таҳдид остида қолишини атайлаб таъминлашда» айблади.
Аввалроқ Германиянинг Марказий денгиз фавқулодда қўмондонлиги Россиянинг Уст-Луга портидан чиққан, 99 минг тонна нефт олиб кетаётган Eventin танкери Германиянинг Рюген ороли яқинида бошқарувни йўқотгани ҳақида хабар берган эди. Кемага учта немис буксири юборилди. Германия томонининг маълум қилишича, кемада нефт сизиб чиқиши аниқланмаган, атроф-муҳитга ҳеч қандай таҳдид йўқ, экипажни эвакуация қилишнинг ҳожати йўқ.
Eventin Панама байроғи остида ҳаракатланади, лекин аслида, Greenpeace халқаро экологик ташкилотига кўра, у Россия Федерациясининг «соядаги флоти» деб аталадиган кемалардан биридир. У сўнгги йилларда турли кичик мамлакатларда рўйхатга олинган, аммо амалда Россия назорати остида бўлган бир неча юз танкерлардан иборат. Москва Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан Ғарб давлатлари томонидан киритилган эмбаргони четлаб ўтиш учун улардан нефт сотиш мақсадида фойдаланади.
ЕИ Россиянинг «соядаги флоти»га қарши янги санкциялар пакетини таклиф қилади
Болтиқ денгизида яна бир сувости кабели шикастлангани ва Финландия ҳукумати бунда нефт танкерини гумон қилганидан кейин Европа Иттифоқи Россиянинг «соядаги флоти»га қарши қўшимча санкциялар жорий этиш билан таҳдид қилди. «Шубҳали кема Россиянинг ҳарбий бюджетини молиялашда хавфсизлик ва атроф-муҳитга таҳдид соладиган соядаги флотнинг бир қисмидир. Биз ушбу флотга қаратилган кейинги чора-тадбирлар, жумладан, санкцияларни таклиф қиламиз», дейилади 26 декабр куни кечқурун эълон қилинган баёнотда. ЕИ веб-сайтида баёнот Европа комиссияси ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Каллас номидан тақдим этилди.
Европа Иттифоқи вакиллари Финландия расмийларининг тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларини қайд этиб, ҳодисаларга жавоб сифатида сувости кабеллари ҳимоясини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олишини, жумладан, «такомиллаштирилган ахборот алмашинуви, янги аниқлаш технологиялари, шунингдек, сувости таъмири, имкониятлар ва халқаро ҳамкорлик» ҳақида маълум қилди. «Биз Финландия расмийлари билан давом этаётган тергов бўйича ишлаяпмиз. Финландия, Эстония ва Германия билан тўлиқ бирдаммиз», деди Европа Иттифоқи расмийлари қўшма пресс-релизда.
Россиянинг «соядаги флоти» деганда чет эл байроқлари остида сузиб юрувчи танкерлар назарда тутилган бўлиб, Россия улардан икки йил аввал Украинадаги уруш муносабати билан киритилган нефт эмбаргосини четлаб ўтиш учун фойдаланади. «Соядаги флот» халқаро санкцияларни четлаб ўтиб, хом нефт ва нефт маҳсулотларини экспорт қилиш учун эски ва кўпинча суғурталанмаган танкерлардан фойдаланади.
Мавзуга оид
08:40 / 13.05.2025
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти MH17 ҳалокати учун Россияни жавобгар деб топди
17:02 / 12.05.2025
Россияда хорижликларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби ўзгаради
14:54 / 12.05.2025
Россия ТИВ: Аввал Истанбулдаги музокаралар, кейин - сулҳ мавзуси
13:00 / 12.05.2025