Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
23 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Боғчада кобра ўйнатганларга кўрилган чора, Тошкент бозорларидаги картошка нархи, Ўзбекистон иқтисодиётига берилган баҳо ва асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирган Марказий банк — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Боғчада кобра ўйнатганларга чора кўрилди
Пискент туманидаги 7-сонли боғчада болаларга кобра билан томоша кўрсатилган ҳолат юзасидан масъул шахсларга чора кўрилди. Маълум бўлишича, «Тошкент» ҳаваскорлик цирки жамоаси дастурда ҳайвонлар билан саҳна кўринишлари кўрсатилмаган бўлса-да, цирк ходими томонидан хавфли жонзотлар билан ўйин ташкил қилинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода томоша чоғида болалар учун хавфсизлик чоралари таъминланмагани акс этган. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи тузиб, ҳолатни ўрганиб чиқди. Хулосага кўра, эътиборсизлик қилган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Шунингдек, ички ишлар органлари ҳам бу ҳолатни назоратга олган.
Таъкидланишича, циркчилар мактабгача таълим муассасаларига томошалар намойиш қилиш учун рухсат олган бўлса-да, дастурда ҳайвонлар билан чиқишлар ҳақида маълумот берилмаган. Ушбу ҳолат болаларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиргани учун масъулларга чора кўрилди.
Картошканинг килоси қанчадан бўляпти?
Пойтахт бозор ва дўконларида картошка нархлари бир ой ичида сезиларли ошди. Фарҳод бозорида картошка 8-12 минг сўмгача сотилса, Эски Жўва бозоридаги ярмаркаларда нарх 4 минг сўмгача пасайган. Баъзи дўкон ва супермаркетларда эса нархлар 9-10 минг сўм атрофида.
Эски Жўва бозори маъмурияти Kun.uz мухбирига арзонлаштирилган картошка захиралари ҳақида маълумот берди. Саидалихон Турсуновнинг сўзларига кўра, ярмаркада ҳар куни 5-6 тонна картошка сотилмоқда. Захиралар Самарқанд, Сурхондарё ва Келесда шакллантирилган. Шанба ва якшанба кунлари сотув ҳажми янада ошиб, аҳоли арзонлаштирилган картошка билан таъминланмоқда.
Қозоғистонда картошка экспортини чеклаш оқибатида Ўзбекистонда ҳам нархлар ошгани қайд этилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги захиралар етарли эканини маълум қилган, аммо нарх ошиб боришининг аниқ сабаблари очиқланмаган. Келгуси ойларда картошка нархлари янада барқарорлашиши учун вазирлик зарур чора-тадбирларни кўрмоқда.
Жаҳон банки Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини баҳолади
Жаҳон банки иқтисодчиларининг баҳоларига кўра, Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 2024 йил охирида 6 фоизни ташкил этди. Ташкилотнинг Ўзбекистонга 2025 йил учун прогнози 5,8 фоизни, 2026 йил учун эса 5,9 фоизни ташкил этади.
Бу Жаҳон банкининг глобал иқтисодиёт ва алоҳида минтақалар, жумладан, Европа ва Марказий Осиё учун тенденциялар, прогнозлар ва хавфларни таҳлил қилувчи «Глобал иқтисодий истиқболлар» ҳисоботида ўз аксини топган.
Бутун Европа ва Марказий Осиё минтақасида 2024 йилда иқтисодий ўсиш суръати 3,2 фоизгача пасайди, дея қайд этди Жаҳон банки. Бу пасайиш, асосан, Россия ва Туркиядаги иқтисодий ўсишнинг заифлашиши билан боғлиқ.
Хомашё нархларининг пасайиши вазиятни бироз юмшатди, бироқ меҳнат бозорларидаги кескинликлар, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида иш ҳақига босим юқорилигича қолмоқда.
Экспертларнинг қайд этишича, Марказий Осиё мамлакатларига, хусусан, Тожикистонга пул ўтказмалари ҳажми барқарорлигича қолмоқда, бу эса аҳолининг шахсий истеъмоли даражасини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.
Асосий ставка ўзгаришсиз қолди
2025 йил 23 январда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қарорга кўра, умумий инфляция даражаси пасаяётган бўлса-да, иқтисодиётда инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланмоқда. Марказий банк инфляциянинг узоқ муддатли 5 фоизлик таргетига эришиш учун қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
2024 йил октябр ойидан инфляция пасайиш трендига ўтган бўлиб, декабр ойида 9,8 фоизни ташкил этган. Шунингдек, 2024 йилда истеъмол саватидаги маҳсулот ва хизматларнинг нархлари ўсиши 2023 йилга нисбатан секинлашгани қайд этилди.
Хўш, Ўзбекистонга қўшни ва ҳамкор давлатларда асосий ставка неча фоиз?
Қозоғистонда ноябр ойи охирларида базавий ставка 14,25 фоиздан 15,25 фоизга кўтарилган эди. Тожикистон ва Қирғизистонда август ойидан буён 9 фоиз этиб белгиланган. Марказий Осиёда энг паст ставка Туркманистонда — 5 фоиз. У узоқ йиллардан буён ўзгармай келади.
Узоқ ҳамкор давлатлардан Россияда 20 декабр куни асосий ставка 21 фоиз даражасида белгиланган. Озарбойжонда, 7,5 фоиз, Туркияда эса нақ 50 фоиз. Уруш бўлаётган Украинада худди биздаги сингари 13,5 фоиз.
Асосий ставка паст давлатлар ҳам бор ва улар асосан ривожланган давлатлар. Масалан, Хитойда бу 3,1 фоиз, АҚШда 4,75 фоиз, Европада 4,25 фоиз.
Мавзуга оид
20:53 / 27.05.2025
27 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
22:14 / 26.05.2025
26 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
22:24 / 23.05.2025
23 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
22:49 / 22.05.2025