Жамият | 11:16 / 02.02.2025
6082
2 дақиқада ўқилади

“Ғишткўприк” чегара божхона пости 5 февралдан бошлаб 4 ойга ёпилади

5 февралдан бошлаб фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракати “Ғишткўприк” чегара божхона постига яқин жойда яқинда очилган “Навоий” чегара божхона постига йўналтирилади.

Фото: Yandex Maps

Тошкент вилоятида жойлашган, халқ тилида “Черняевка” деб аталадиган “Ғишткўприк” чегара божхона пости 5 февралдан бошлаб 4 ойга ёпилади. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, чеклов мазкур постдаги улкан қурилиш ва реконструкция ишларини мантиқий ниҳоясига етказиш мақсадида амалга оширилмоқда. Хусусан, постда вақтинчалик биноларни демонтаж қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, постга туташ ҳудудда зарур инфратузилмани ташкил этиш назарда тутилган.

“Ғишткўприк” чегара пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракати 2025 йилнинг 5 февраль кунидан “Навоий” чегара божхона постига йўналтирилади.

Янгидан замонавий тарзда бунёд этилган “Навоий” чегара божхона пости ҳам Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган бўлиб, “Ғишткўприк” постига яқин ҳудуд ҳисобланади.

Қайд этилишича, жисмоний шахслар, енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракати учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида “Навоий” чегара божхона постида юк автотранспорт воситалари ҳаракати чекланади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид