Ўзбекистон | 12:23 / 04.02.2025
1698
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳамширалар Қатарга ишга юборилади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги вакилларидан иборат мамлакат делегацияси Қатарга ташрифи давомида Hamad Medical Corporation давлат компанияси директори Муҳаммад бин Халифа Ал-Сувайдий билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Hamad Medical Corporation бошқарувчи директори Муҳаммад бин Халифа Ал-Сувайдий Ўзбекистон Қатарнинг стратегик ҳамкори ва юқори ишчи кучи салоҳиятига эга давлат эканини ҳамда мамлакат соғлиқни сақлаш тизими кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш учун узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини таъкидлади

Унинг айтишича, Hamad Medical Corporation турли профилдаги 15 та шифохонани бирлаштиради. Уларда 35 мингдан ортиқ ходим, жумладан, 12 минг ҳамшира ишлайди. Улар ҳар йили Қатар ва минтақанинг бошқа давлатларидан келган 3 миллиондан ортиқ беморга хизмат кўрсатади.

Hamad Medical Corporation вакиллари агентлик фаолияти ва Ўзбекистондаги ташқи меҳнат миграцияси механизмлари, халқаро ҳамкорлар билан алоқаларнинг мавжуд муваффақиятли моделлари билан батафсил танишдилар.

Музокаралар натижасида малакали тиббиёт мутахассисларини танлаш, уларнинг касб ва тил ўрганиши, ишчи визаларини расмийлаштириш, Доҳага келиши, яшаши ва Hamad Medical Corporation'да муносиб меҳнат шароитлари билан таъминланиши каби масалаларни ҳал этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид