Жаҳон | 21:01 / 17.02.2025
12192
7 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Россия Украинадаги урушни якунлаш бўйича музокараларни бошламоқда

Украина унга таклиф этилмаган. Европа ҳам.

Фото: Evelyn Hockstei / Reuters / Scanpix / LETA

18 феврал куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда Россия ва АҚШ ўртасида Россия-Украина урушини якунлаш бўйича музокаралар бошланиши керак. Украина унда иштирок этмайди.

Делегациялар таркиби симметрик бўлиши кутилмоқда: ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари (Марко Рубио ва Сергей Лавров), президентларнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчилари (Майкл Уолц ва Юрий Ушаков), ташқи разведка хизматлари раҳбарлари (Жон Рэтклифф ва Сергей Наришкин) — қолаверса охирги вақтларда дипломатик ролни бажара бошлаган бир нафардан ишбилармонлар (Стив Уиткофф ва Кирилл Дмитриев).

Рубио ва Лавров 15 феврал куни қўнғироқлашиб, «олий даражадаги Россия-Америка учрашувига тайёргарлик кўриш»ни муҳокама қилишганди. Яъни феврал ойи охиригача Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши кутилаётган Владимир Путин ва Доналд Трамп учрашувини.

Шу кунларда иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко раҳбарлигидаги украин делегацияси ҳам Ар-Риёдда бўлиб турибди. Свириденконинг сўзларига кўра, у Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Саудия Арабистонига ташрифини тайёргарламоқда.

Зеленскийнинг ўзи 17 феврал, душанба куни БААга етиб борди, шундан кейин у Саудия Арабистони ва Туркияга ҳам боради. Унинг сўзларига кўра, барча учрашувларининг асосий мавзуси асирларни алмашиш ва Россия томонидан депортация қилинган болаларни Украинага қайтариш бўлади. Расмий маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида Россия ва Украина ўртасида ҳеч қандай контакт кўзда тутилмаган. Зеленский БААдалигида шундай баёнот берди: «Украина [бу музокараларда] иштирок этмайди. Украина бу ҳақда ҳеч нарса билмасди. Украина бўйича Украинасиз ҳар қандай музокараларни самарасиз деб биламиз ва ўзимиз ҳақдаги ўзимизнинг иштирокимизсиз ҳеч қандай келишувни тан ололмаймиз».

NBC маълумотига кўра, америкаликлар умумий учрашувни ташкиллаштиришдан олдин россияликлар ва украиналиклар билан алоҳида учрашувлар ўтказишни ният қилган. Ар-Риёдда Украина-Аамерика учрашуви Зеленский шу ердалигида ўтказилиши ёки йўқлиги номаълум. Трамп Зеленский музокараларга «жалб этилиши»ни айтганди, аммо айнан қандай йўл билан эканига аниқлик киритмаганди.

Зеленскийнинг Америкадаги янги маъмурият билан муносабатлари яхши кечмаяпти. 2024 йил октябр ойида у Ғарб иттифоқчиларига ҳарбий ёрдам эвазига Украинанинг «муҳим ресурслари» (уран, титан, литий ва бошқалар)дан фойдаланишни таклиф қилганди. Трамп Оқ уйга қайтиши биланоқ, бу таклифни эслатди. 12 феврал куни Зеленскийнинг Киевда АҚШ молия вазири Скотт Бессент билан учрашувидан бир неча соат олдин Украина президентига амалда америкаликларга мамлакатдаги фойдали қазилмаларнинг ярмига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи келишув лойиҳаси тақдим этилди. Зеленский уни имзолашдан бош тортди.

Шу куни Трамп ва Владимир Путин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди — ва музокаралар жараёни бошланди, унда Украина ҳам, унинг Европадаги иттифоқчиларининг ҳам иштироки минимал даражада бўлиши кўзда тутилган. АҚШ ва Россия етакчилари тез фурсатда учрашишга, расмий ташрифлар алмашишга келишиб олган. АҚШ мудофаа вазири эса бу орада Украинанинг 2014 йилгача бўлган чегараларига қайтиши ва НАТОга аъзо бўлиши нореал мақсадлар эканини эълон қилган. Кейинги куниёқ Трамп Россия G7’га қайтишидан хурсанд бўлишини айтди.

14-16 феврал кунлари бўлиб ўтган Мюнхен хавфсизлик конференциясида Америка вакиллари бундай кескин сиёсий бурилиш ҳақида саволларга кўмиб ташланди. Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог Европа давлатлари музокараларга таклиф қилинмаслигини очиқ айтди. АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг нутқи эса Американинг янги маъмурияти умуман европалик иттифоқчиларга совуқ ва, эҳтимол, бироз менсимасдан муносабатда бўлишини аниқ кўрсатди.

Европаликлар имо-ишорани тушунишди. Британия бош вазири Кит Стармер The Telegraph газетасидаги мақоласида Британия қўшинларини Украинага тинчликпарвар сифатида юборишга тайёрлигини эълон қилди. Бироқ Мюнхендаги Америка расмийлари, The Economist нашри ёзишича, Европа тинчликпарвар кучларига шубҳа билан қарашган ва бундай миссияга Бразилия ёки Хитой каби мамлакатларни жалб қилиш яхшироқ бўлишини айтишган.

Бу ғоя аввалроқ мустақил экспертлар томонидан билдирилган эди. Мантиқ оддий: агар Россия қўшинлари Италия ёки Нидерландия тинчликпарварлари билан отишмага киришса ва шу билан бирга Россиянинг НАТО билан кенг кўламли тўқнашувидан қочишга муваффақ бўлса, унда Россия бундан ҳеч нарса йўқотмайди, чунки унинг Европа давлатлари билан муносабатлари шундоқ ҳам умидсиз тарзда бузилган. Агар отишма Ҳиндистон ёки Хитойдан келган тинчликпарвар кучлар билан содир бўлса, бу бутунлай бошқа масала.

Фақат савол шундаки, Ҳиндистон, Хитой ёки Бразилия ўз аскарларини Украинага юборишни хоҳлайдими? Хитой воситачи-яраштирувчи ролига даъвогарлик қилишга уринди, аммо бу ўзига хос тендерда Саудия Арабистони ғолиб чиқди (катта эҳтимол билан Қатар ва БААнинг саҳна ортидаги қўллаб-қувватлаши билан). Ҳиндистон ва Бразилия эса урушнинг уч йили давомида ҳеч бир томонга ён босмаяпти ва умуман бўлаётган воқеаларга иложи борича камроқ муносабатда бўлишга ҳаракат қилмоқда.

Мюнхенда Вэнс Зеленский билан учрашди. Фойдали қазилмалар бўйича келишув яна муҳокама қилинди — ва яна келиша олишмади.

Россияликлар ва америкаликлар Ар-Риёдда айнан нимани муҳокама қилиши номаълум. Катта эҳтимол билан, гап ҳудудий ўзгаришлар, тинчликпарвар кучлар, санкциялар, Украинанинг мақоми ва НАТОнинг Шарқий Европадаги ҳарбий инфратузилмаси ҳақида боради.

2022 йилда АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Жо Байден Полша ва Руминияга 20 мингга яқин америкалик аскарни жойлаштирганди. Бу эса албатта, Россияни асабийлаштирарди. Агар Трамп уларни у ердан олиб чиқса, НАТОга аъзо бошқа давлатлар ўз ҳарбийлари учун хавф жуда катта ва шарқдан бўлиши мумкин бўлган тажовузни қайтариш учун кучлар етарли эмас деб ҳисоблаши мумкин — ва улар ҳам қўшинларини олиб чиқиб кетишади.

2021 йил декабр ойида Путин 1997 йилдан кейин алянсга аъзо бўлган мамлакатлардан НАТО қўшинлари ва ҳарбий инфратузилмасини олиб чиқиб кетишни талаб қилганди. Юқоридаги сценарий, албатта, бу ултиматумнинг ижроси бўлмайди, лекин Путиннинг мақтанадиган нарсаси бўлади.

Bloomberg агентлиги аноним манбага асосланиб, Трамп маъмурияти Россия ва Украина ўртасидаги оташкесимга Пасхагача эришишдан (бу йил байрам ғарбдаги христианларда ҳам, православларда ҳам 20 апрелга тўғри келади) умид қилаётганини ёзган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид