Ўзбекистон | 18:23 / 17.02.2025
3961
1 дақиқада ўқилади

Халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Мисрдан экстрадиция қилинди

У Миср ҳудудида бир муддат талабалик мақомида яшириниб юрган ва январ ойида Интерпол ходимлари томонидан қўлга олинган.

Фото: Reuters

Халқаро қидирувда бўлган шахс Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.

Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан ўғирлик ва катта миқдорда товламачилик жиноятларини содир этганлик учун халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси Т.Х.М. Мисрда экани маълум бўлган.

Қайд этилишича, ушбу шахс Миср ҳудудида бир муддат талабалик мақомида яшириниб юрган. 2025 йил январ ойида Интерполнинг Қоҳира шаҳридаги офиси ва Миср ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.

Аввалроқ Оқтов шаҳри ҳокимининг халқаро қидирувга берилган собиқ ўринбосари Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган вақтида қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди. Ҳоким ўринбосари ўз юртида фирибгарлик ва пора беришга ундашда айбланмоқда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид