Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уй Трамп-Зеленский музокараларини қайта бошлаш шартларини айтди
Зеленскийдан Оқ уйда Трамп билан бўлган жанжал учун узр сўраш, фойдали қазилмалар бўйича битимни имзолаш ва тинчлик музокараларида иштирок этишга тайёр бўлиш талаб қилинади.
Фото: AFP/Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасидаги музокаралар давом этиши учун иккинчиси бир нечта шартларни бажариши керак, деди Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц Fox News телеканали эфирида. РБК унинг сўзларидан иқтибос келтирди.
«Биз Зеленскийдан [28 февраль куни Трамп билан учрашувда] содир бўлган воқеадан афсусда эканлигини тан олишга, фойдали қазилмалар тўғрисидаги битимни имзолашга ва тинчлик музокараларида иштирок этишга тайёрлигини эшитишимиз керак. Менимча, биз кўп нарса талаб қилмаяпмиз», деди Уолц.
Маслаҳатчи Қўшма Штатлар Украинани «сахийлик билан қўллаб-қувватлагани», аммо ҳарбий ҳаракатлар «чексиз» амалга оширилмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Овал кабинетдаги вазият Зеленский «тинчлик ҳақида гапиришга умуман тайёр эмаслигини» кўрсатди.
«Аммо муаммо шундаки, вақт унинг тарафида эмас, зиддиятни абадий давом эттириш учун [керак деб ҳисоблаганлар] томонида эмас. Американинг сабр-тоқати чексиз эмас, ҳамёни тубсиз эмас ва ўқ-дорилар омбори чексиз эмас», деди Уолц.
Унинг таъкидлашича, демократлар ва дунёнинг баъзи лидерлари Биринчи жаҳон уруши руҳидаги можаронинг давоми ва «одамлар, ўқ-дорилар ва миллий ресурсларнинг гўшт майдалагичи»ни истамоқда.
АҚШ президенти маслаҳатчиси Украина билан ресурслар бўйича иқтисодий битим имзоланмагани ҳақида ҳам гапирди. Унинг сўзларига кўра, у Киев ва Вашингтонни иқтисодий жиҳатдан бирлаштириши мумкин эди, аммо Оқ уйдаги жанжал туфайли Зеленский «қош қўяман деб, кўз чиқарди».
Ўз навбатида, Украина президенти Трамп билан бўлган келишмовчиликни изоҳлар экан, нима бўлганини муҳокама қилишни истамаслигини айтди.
«Биз бу форматда мустаҳкам алоқаларни давом эттиришимиз керак деб ўйламайман. Ишончим комил, бу вазият ортда қолади ва олдинда бундан ҳам муҳим ишлар турибди. Агар барчамиз конструктив бўлишда давом этсак, менимча, ижобий натижага эришамиз», деди у Лондонда журналистларга.
Мавзуга оид
12:35 / 28.05.2025
Трамп: Канада "Олтин гумбаз" ҳимоясини 61 млрд долларга олади
11:00 / 28.05.2025
АҚШ дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини тўхтатмоқда
10:23 / 28.05.2025
Давлат департаменти спикери: Россия Трампнинг сўзларини жиддий қабул қилиши керак
09:03 / 28.05.2025