Жаҳон | 22:14 / 11.03.2025
4320
3 дақиқада ўқилади

КХДР Украинадаги уруш вақтида ҳарбий заводлари майдонини кенгайтирди

Шимолий Корея снаряд ва ракеталар ишлаб чиқарувчи заводлари майдонини охирги уч йилда сезиларли даражада кенгайтирди. The Washington Post’га кўра, урушнинг иккинчи йилида КХДР Россияга 1,6 миллионга яқин снаряд юборган.

Фото: KCNA

Шимолий Кореядаги снаряд ва ракеталар ишлаб чиқарувчи йирик заводлар охирги уч йилда ўзларининг ишлаб чиқариш майдонларини сезиларли даражада кенгайтирди. Бу ҳақда сунъий йўлдош суратларига таяниб, The Moscow Times хабар берди.

Москва КХДРдан ўқ-дорилар харид қилаётганини ҳеч қачон тасдиқламаган, аммо Россия армиясида «снарядлар етишмовчилиги» шикоятлари Шимолий Корея РФни снарядлар билан таъминлаётгани тўғрисидаги хабарлар тарқалганидан кейин тўхтаб қолган.

Украинадаги урушнинг иккинчи йилида Шимолий Корея Россия армияси учун артиллерия ўқ-дориларини энг кўп етказиб берган давлатга айланган. The Washington Post’га кўра, 2023 йил августдан 2024 йил январга қадар КХДР Россияга 1,6 миллионга яқин снаряд юборган бўлиши мумкин.

Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирилл Будановнинг баҳолашича, россиялик ҳарбийлар томонидан фойдаланилаётган йирик калибрли снарядларнинг қарийб ярми КХДРда ишлаб чиқарилмоқда.

Шимолий Кореяда 20 га яқин завод Россия учун снаряд ва ракеталар ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Снарядларни асосан учта корхона етказиб беряпти — Пхеняндаги 125-сонли завод, Тесон машинасозлик заводи ва Чагандодаги 26-сонли завод.

Пхеняндаги 125-сонли завод майдони 6,2 километр квадратга етиши мумкин. 2021 йилда ушбу ишлаб чиқариш корхонаси майдони 2,5 километр квадратдан ошмаган, 2025 йил март ойида эса у ерда ўнлаб янги иншоотлар пайдо бўлган ва завод ҳудуди салкам 2,5 баробарга ошган. Ишлаб чиқариш зонасининг 2023 ва 2025 йилги суратларда транспорт контейнерларига ўхшаш объектларни кўриш мумкин.

Тесон машинасозлик заводи КХДРдаги ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни ишлаб чиқарувчи энг эски заводлардан биридир. Маълумотларга кўра, 2023 йил ноябрдан 2024 йил августга қадар унинг ерости цехлари сезиларли даражада модернизацияга учраган: сунъий йўлдошларидан кўриш мумкинки, туннелнинг кириш йўлакларида қурилиш материаллари пайдо бўлган, ер устидаги айрим бинолар бузиб ташланган.

Россияга ҳарбий етказмалар билан шуғулланувчи яна бир корхона Кангсо шаҳридаги Кумсонг трактор заводи ҳисобланади. У 0,77 километр квадрат майдонда жойлашган. 2021 йилда унинг учдан бир қисмигина кўтарилган ва саноат зонаси ҳудудида 9 та иншоот бор эди. 2025 йилга келиб иншоотлар сони қарийб уч баробарга ошган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид