Жаҳон | 21:40 / 11.03.2025
11009
9 дақиқада ўқилади

Сурия ҳукумати алавийлар исёнини бостирди

Мамлакатда оммавий қатллар рўй берди. Дунёдагилар бунда ким айбдорлиги ҳақида гапирмасликка ҳаракат қилмоқда.

Karam al-Masri / Reuters / Scanpix / LETA

Сурия мудофаа вазирлиги 10 март куни «Суриянинг соҳил ҳудудида ағдарилган режим қолдиқларига қарши ҳарбий амалиёт» якунланганини эълон қилди.

Қурбонлар сони ҳақида ҳали тўлиқ маълумотлар йўқ ва улар яқин орада пайдо бўлиши даргумон. Сурия инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази маълумотларига кўра, 6-9 март кунлари ҳукумат таъсиридаги кучлар 39 та оммавий ва кўплаб индивидуал қатлларни амалга ошириб, жами камида 973 кишини ўлдирган. Иккала томондан ҳам жанговар йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда, ҳужжатлаштирилган қурбонларнинг умумий сони 1454 нафарни ташкил этади – аммо бу фақат дастлабки маълумотлар бўлиб, қурбонлар сони яна ортиши мумкин.

Ижтимоий тармоқлар, Telegram ва Whatsapp’даги гуруҳларда тарқалишда давом этаётган кўплаб видеоларга кўра, ҳалок бўлганлар ва яраланганлар асосан ёш ва ўрта ёшдаги эркаклардир.

Оммавий қотилликлар Сурия собиқ президенти Башар Асад мансуб бўлган алавийлар кўтарган қўзғолонига жавобан бошланди. Ғарбдаги кўплаб сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари уларни «Асадлар тарафдорлари» деб атамоқда ва уларнинг қатл қилиниши қандайдир «мавҳум кучлар»га боғланмоқда. Униси ҳам, буниси ҳам қисман тушунарли. Асадлар ҳукмронлиги даврида алавийлар жамоаси, унинг айрим вакиллари тузумга қандай муносабатда бўлишидан қатъи назар, имтиёзли ҳолатда эди. Асадлар ҳокимиятдан ағдарилгач, улар камситилган озчиликка айландилар – бу ҳам алоҳида алавийларнинг янги ҳокимиятга бўлган шахсий муносабатидан қатъи назар.

Оммавий қатлларни уюштиргани айтилаётган «мавҳум кучлар»га келсак, Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги ўтиш даври ҳукуматининг ўзига хос алибиси бор. Эски хавфсизлик кучлари тарқатиб юборилди, янгилари шаклланиш жараёнида. Сурияда кўплаб қуролли гуруҳлар мавжуд. Уларнинг баъзилари аллақачон янги хавфсизлик кучларига қўшилган; бошқалари йўқ, гарчи улар аш-Шаръа ҳукуматига содиқ бўлса-да; учинчи тоифа эса умуман бу ҳукуматга қарши.

6 март куни алавий жангарилар Латақия ва Тартус вилоятларида янги режим кучларига ҳужумлар уюштиргани маълум бўлгач, кўплаб гуруҳлар уларга қарши курашга отланди. Улар орасида ўтиш даври ҳукумати вакиллари ва «кўнгилли ёрдамчилар»ни фарқлаш деярли имконсиз: иккаласи ҳам асосан сунний жангарилар, фуқаролар уруши фахрийлари бўлиб, уларда ягона фарқловчи белгилар йўқ.

Аш-Шаръа 7 март куни миллатга мурожаатида «бу жангга қўшилган барча кучларни қўмондонликка бўйсуниш»га чақирди – бу билан алавийлар қўзғолонини бостиришда иштирок этганларнинг барчаси ҳам унинг назорати остида эмаслигини билвосита тан олди. 9 март куни у тинч аҳолига қарши қирғинларни текшириш бўйича комиссия тузди. Ушбу комиссия тинч аҳолини қирғин қилиш фактини тан олган ҳолатларда, у ҳар доим буни ҳокимият вакиллари эмас, балки қандайдир бегона жангарилар содир этганини айтиши мумкин.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк Сурияда «бутун оилалар, жумладан, аёллар, болалар ва жанговар қобилиятсиз жангчиларнинг ўлдирилиши», шунингдек, «номаълум жиноятчилар, ўтиш даври ҳукумати хавфсизлик кучлари вакиллари ва собиқ ҳукуматга алоқадор элементлар томонидан конфессионал асосда судсиз қатллар» содир этилгани ҳақида баёнот берди. У Сурия расмийларини зудлик билан тергов ўтказишга ва «тинч аҳолини террор қилаётган гуруҳлар»ни жавобгарликка тортишга чақирди.

Идлибдаги ҳукуматга мойил кучлар Латақияга йўл олишга ҳозирланмоқда, 2025 йил 8 март
Omar Haj Kadour / AFP / Scanpix / LETA

АҚШ давлат котиби Марко Рубио ўз баёнотида «Сурия ғарбида одамларни ўлдирган радикал террорчилар, жумладан, хорижий жиҳодчилар»ни қоралади. У АҚШ Суриядаги диний ва этник озчиликларни, жумладан, насронийлар, друзлар, алавийлар ва курдларни қўллаб-қувватлашига ишонтирди ва ўтиш ҳукуматини озчилик вакилларини қирғин қилганларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Рубио, Туркдан фарқли ўлароқ, ўтиш даври ҳукуматининг хавфсизлик кучларини айблашдан тийилди.

Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар хизмати эса «Асад тарафдорлари томонидан ўтиш даври ҳукумати кучларига қарши амалга оширилган сўнгги ҳужумларни, шунингдек, тинч аҳолига нисбатан ҳар қандай зўравонлик»ни бутунлай қоралаб чиқди. Бундан ташқари, Евроиттифоқ «барча ташқи ўйинчилар»ни Сурия суверенитетини ҳурмат қилишга чақирди ва мамлакатдаги «барқарорликка путур етказишга бўлган ҳар қандай уринишлар»ни танқид остига олди. Бу таъриф, биринчи навбатда, Суриядаги вазиятга очиқ аралашаётган ва жамоалардан бири – друзларни тўғридан тўғри қўллаб-қувватлаётган Исроилга қаратилган бўлиши мумкин.

Сурияга қўшни давлатлар – Туркия, Ироқ, Иордания ва Ливаннинг қўшма баёнотида ҳам Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ва Исроилни қоралаш билдирилган.

Россия расмийларининг Суриядаги воқеалар бўйича ягона ошкора баёноти Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 7 март куни эълон қилинганди. Унда «кенг кўламли тўқнашувлар» ва «ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар ва ярадорлар» ҳақида сўз боради. 10 март куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, «чуқур хавотир» ифодаси билан чекланди.

Россия вакиллари нафақат очиқ баёнотлардан тийилди, балки зўравонлик учун ким жавобгарлигини намойишкорона муҳокама ҳам қилмади. Қирғин рўй берган кунларда юзлаб алавийлар, асосан аёллар ва болалар Россиянинг Латақия вилоятидаги Хмеймим авиабазасидан бошпана топди. Улар Россияни ўз иттифоқчиси сифатида кўришади, чунки ушбу мамлакат Асадлар режими иттифоқчиси эди. Шу билан бирга, Россия Суриянинг янги расмийлари билан Хмеймим базаси ва Тартусдаги ҳарбий-денгиз базасини сақлаб қолиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бундай шароитда у ёки бу томонга очиқчасига ўтишга журъат эта олмайди.

Россиянинг БМТдаги вакили биринчи ўринбосари Дмитрий Полянскийнинг маълум қилишича, Россия ва АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашидан Суриядаги вазият юзасидан шошилинч ёпиқ маслаҳатлашувлар ўтказишни сўраган. Бу ерда Полянский танлаган формулировканинг ўзи эътиборга лойиқ: Россия ва АҚШ ҳамкорлар сифатида биргаликда сўрашди. Эҳтимол, уларнинг позицияси ҳам бир хил бўлади: радикал кучларни қоралаш, уларга тинч аҳолига қарши зўравонлик учун жавобгарлик юклаш, ўтиш даври ҳукуматини тартиб ўрнатишга чақириш. Сатрлар орасида эса президент аш-Шаръага у ҳам аслида радикал диндор («Ал-Қоида»дан чиққан) экани ва ҳар эҳтимолга қарши буни эслатиш мумкинлигига ишора бор.

Тинч аҳолининг ўлдирилиши учун жавобгарликни тўғридан тўғри Сурия расмийларига юклаган ягона давлат Исроил бўлди. Ушбу мамлакат мудофаа вазири Исраэл Кац шундай деди: «Жўланий [Шаръа ҳокимиятга келишидан олдин қўллаган ҳарбий тахаллуси] [жиҳодчи] кийимини [дунёвий] костюмга ўзгартирди [...]. Энди эса у ниқобини ечиб, ўзининг ҳақиқий юзини - тинч аҳолига қарши даҳшатли ҳаракатларни амалга ошираётган «Ал-Қоида» террорчи жиҳодчисининг юзини кўрсатди».

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Bild учун берган изоҳида Кацнинг сўзларини такрорлади: «Жўланийнинг одамлари ўз халқини – „янги Сурия“ деб аталадиган мамлакат фуқароларни шафқатсизларча қириб ташламоқда».

Дамашқда Аҳмад аш-Шаръа ҳукуматини қўллаб-қувватлаб ўтказилган митинг, 2025 йил 9 март
Khalil Ashawi / Reuters / Scanpix / LETA

Алавийлардан ташқари, маҳаллий насронийлар ҳам жангариларнинг нишонига айланди. Америка ижтимоий тармоқларида «Сурияда мусулмонлар насронийларни ўлдирмоқда» деган умумий мазмундаги мақолалар кўпайиб бормоқда. Бу масалани консерватив публицист Такер Карлсон кўтарди. У шундай деб ёзган: «Асад насронийларни ҳимоя қилди. Асад заифлашгани сари насронийлар ҳалок бўла бошлади. [...] Энди Асад тахтдан ағдарилгач, қолган кўплаб насронийлар шафқатсизларча ўлдирилмоқда ва уларнинг зиёратгоҳлари таҳқирланмоқда».

Шараъа Суриянинг иқтисодий тикланишини бошлаш учун Ғарб етакчиларининг қўллаб-қувватлашига, айниқса, санкциялар бекор қилинишига жуда муҳтож. У энг экстремистик кучлардан очиқчасига узоқлашди. Ғарб етакчилари унга ишонишни жуда хоҳлашади: уларнинг ҳеч бири Суриядаги фуқаролар урушининг янги босқичидан ҳам, унинг жиҳодчилар давлатига айланишидан ҳам манфаатдор эмас. Бошқа томондан, Шаръа маҳаллий кучлар  ёрдамига муҳтож: унинг ўзи улар орасидан чиққан ва унинг ҳокимияти айнан шу кучларга таянади. Бири иккинчисига мос келадими ёки йўқми, аниқ эмас.

Мавзуга оид