Трампни қўллаб-қувватлаган бизнес элита миллиардлаб доллар йўқотди
Трампнинг яқин ҳамкори Tesla бош директори Илон Маск энг катта йўқотишларга учради.

Фото: Getty images
АҚШ президенти Доналд Трамп президентлигининг дастлабки етти ҳафтасида дунёнинг энг бой одамларидан 5 нафари жами 209 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда Bloomberg Billionaires Index (BBI) маълумотларидан ойдинлашмоқда.
20 январь куни Трампнинг инаугурация маросимида сайёранинг энг бадавлат одамлари – Илон Маск, Жефф Безос, Марк Цукерберг иштирок этди. Ўша пайтда фонд бозорларининг тез ўсиши туфайли уларнинг бойлиги рекорд даражага етган эди. Бироқ Трампнинг иккинчи муддати бошланиши билан вазият кескин ўзгарди.
Трампнинг яқин ҳамкори Tesla бош директори Илон Маск энг катта йўқотишларга учради, унинг бойлиги 148 миллиард долларга камайди. Компаниянинг Германиядаги савдоси 70 фоизга, Хитойда эса 49 фоизга пасайди. Amazon асосчиси Жефф Безос Трампнинг инаугурация фондига 1 миллион доллар хайрия қилганига қарамай, 29 миллиард долларга тушди. Google асосчиси Сергей Брин 22 миллиард доллар йўқотган бўлса, Meta бош директори Марк Цукерберг ва LVMH эгаси Бернар Арно ҳар бири 5 миллиард доллар йўқотди.
Йўқотишлар фонд бозори қулаши фонида юз берди, Трамп лавозимга келганидан бери S&P 500 6,4 фоизга тушиб кетди ва бозор қиймати 1,39 триллион долларни йўқотди.