Жаҳон | 21:50 / 13.03.2025
1594
2 дақиқада ўқилади

TikTok ўсмирлар учун чекловларни жорий этмоқда

Хусусан, янги функциялардан бири орқали энди ота-оналар фарзандининг TikTokʼдан фойдаланиш вақтини чеклай олади.

Фото: Pixabay

TikTok ижтимоий тармоғи ота-оналарга ўз фарзандларининг иловадаги фаоллигини назорат қилишга ёрдам берадиган янги функцияларни жорий этмоқда.

Янгиланган Family Pairing доирасида ота-оналар TikTokʼдан фойдаланиш вақтини чеклаши, фарзандлари кимга обуна бўлгани ва кимларни блоклаганини кўриши, шунингдек, бола видеодан шикоят қилса, билдиришнома олиши мумкин.

«Тармоқдан ташқари вақт» номли янги функция ота-оналарга маълум соатларда — ўқиш, оила билан ўтказиладиган вақт, кечаси ёки дам олиш кунлари TikTokʼка киришни блоклаш имконини беради. Зарурат туғилганида ўсмир қўшимча вақт сўраши мумкин, аммо қарор барибир ота-она томонидан қабул қилинади.

Яна бир функция орқали 16 ёшга тўлмаган ўсмир соат 22:00 дан кейин TikTokʼка кирса, унинг лентаси яшириб қўйилади, экранда эса телефонни қўйиш ва дам олишга ундайдиган мусиқа пайдо бўлади. Фойдаланувчи хабарга эътибор қаратмаса, илова уни ўчириш кераклиги тўғрисида қайта огоҳлантиради.

Ижтимоий тармоқ, шунингдек, ўсмирлар учун STEM-лентани (илм-фан ва технология контентига эга бўлим) жорий этади.

TikTok қонун чиқарувчилар томонидан турли босимларга дуч келаётгани боис ўсмирлар хавфсизлиги учун янги хавфсизлик чораларини жорий этмоқда. Компания бир неча бор ижтимоий тармоқнинг болаларга етказиши мумкин бўлган потенциал зарари учун танқид қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрда Венесуэла Олий суди TikTok ижтимоий тармоғини инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига зарар етказувчи контент тарқатгани учун 10 миллион доллар миқдорида жаримага тортганди.

Мавзуга оид