Жаҳон | 20:38 / 20.03.2025
3755
6 дақиқада ўқилади

Трамп таълим вазирлигини ёпмоқда: демократлар судга ариза топширди

Доналд Трамп АҚШ Таълим вазирлигини “фирибгарлик уйи” деб атаб, уни ёпишга қарор қилди. Президент бу ҳақидаги фармонни 20 март куни имзолайди. Reuters’га кўра, Оқ уй бу фармонни узоқ кутилган дея таърифламоқда. Фармон имзоланишидан аввал бир гуруҳ демократ прокурорлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Улар Трампнинг бу иши ортидан таълим вазирлиги ходимлари ишсиз қолиб кетиши ва буни тўхтатиб туришни сўраб судга мурожаат қилган.

АҚШдаги йирик жамоатчилик ташкилотларидан бири, ранг-баранг авлод одамларини ривожлантириш миллий ассоциацияси NAACP ҳам президент фармонини конституцияга зид демоқда. Бу ташкилот асосан қора танлилар ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Ташкилот президенти Деррик Жонсон бу фармон имзоланадиган 20 март санасини халқ учун оғир ва қоронғи кун, дея атади.

"Сифатли таълим федерал молиялаштиришга боғлиқ. Трампга овоз берган миллионлаб америкалик болалар, шу жумладан, камбағал ва қишлоқ жойлардаги ота-оналар учун бугун қоронғи кундир”, дейди у.

Ҳозиргача Трамп ва унинг миллиардер маслаҳатчиси Илон Маск Конгресс фикри ва рухсатисиз АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (USAID) каби давлат дастурлари ва институтларини ёпди. Лекин таълим вазирлигининг ёпилиши Вазирлар Маҳкамаси даражасидаги биринчи йирик қисқартиришга айланмоқда.

Reuters’га кўра, Трамп таълим вазирлигини Конгресс қонунларисиз ёпа олмайди, бу қийин бўлиши мумкин. Тўғри, Трамп республикачилари Сенатда 53-47 кўпчилик овозга эга, аммо Вазирлар Маҳкамаси даражасидаги агентликни бекор қилувчи қонун лойиҳаси каби асосий қонунлар ўтиши учун камида 60 овоз ва шу тариқа етти нафар демократнинг ҳам қўллаб-қувватлаши керак бўлади.

Сенатдаги демократлар эса аксинча, таълим департаментини тугатишни қўллаб-қувватламайди.

"Трамп ва Маск Таълим вазирлигини вайрон қилувчи тўпни олиб боришяпти ва департаментнинг ярим ишчиларини ишдан ҳайдашяпти. Бу шунчаки федерал тизимни йўқ қилиш, ёқиш ва кесиб ташлаш”, дейди демократ сенатор Патти Мюррей.

Фармон амалдаги таълим вазири Линда МакМаҳонга америкаликлар таянадиган хизматлар, дастурлар ва имтиёзларни самарали ва узлуксиз етказиб беришни таъминлашда давом этиш билан бирга, таълим департаментини ёпиш, ундаги ваколатларни эса штатларга қайтариш топшириғини белгиламоқда. 

Оқ уйнинг хулосасига кўра, таълим вазирлигининг қолган маблағларини оладиган ҳар қандай дастур ёки тадбирлар гендер, инклюзивлик мафкурасини илгари сурмаслиги керак. Трамп ҳозиргача бир неча бор таълим департаментини йўқ қилишга чақириб, вазирлик “катта фирибгарлик” уйи деб атаган. У президент сифатидаги биринчи муддатида ҳам уни ёпишни таклиф қилди, аммо конгресс бунга йўл қўймаганди.

"Федерал ҳукуматнинг таълим устидан назорати ўқувчилар, ота-оналар ва ўқитувчиларни муваффақиятсизликка учратди", дейди Оқ уй ўз хулосасида. Ҳисоботда келишича, департамент 1979 йилда ташкил этилганидан бери 3 триллион долларни ҳавога учирган, талабаларнинг стандартлаштирилган тест баллари билан ўлчанадиган ютуқларини яхшилолмаган. 

Департамент ташкил этилишидан олдин, 1953 йилдан 1979 йилгача фаолият кўрсатган АҚШ Соғлиқни сақлаш, таълим ва фаровонлик департаменти таркибига кирган эди.

Ҳозирги вазир МакМахон сешанба куни медиада чиқиш қиларкан, маъмуриятнинг мақсади инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва давлат даражасида таълим соҳасидаги илғор тажрибаларни рағбатлантириш эканини айтди.

Департамент ҳимоячилари халқ таълими стандартларини юқори даражада ушлаб туриш жуда муҳимлигини таъкидлаб, республикачиларни даромад олиш мақсадида таълим билан олишишда айблади.

Ростдан ҳам департаментнинг дарҳол ёпилиши давлат мактабларига ўнлаб миллиард долларлик ёрдам ва коллеж талабалари ўқиши учун ёрдамни тўхтатиб қўяди. Вазир Мак Маҳон Трампнинг бу режасини оқламоқда, кам таъминланганлар мактаби ва талабаларга ёрдам бериш учун Конгресс томонидан ажратиладиган федерал мактабни молиялаштириш лойиҳаси давом этишига ишонтирмоқда.

Департамент Қўшма Штатлардаги 100 000 га яқин давлат ва 34 000 хусусий мактабларни назорат қиларди, яхшиям давлат мактабларини молиялаштиришнинг 85 фоиздан ортиғи штат ва маҳаллий ҳукуматлар томонидан амалга оширилади.

Департамент шунингдек, университет учун тўловни тўлай олмайдиган ўн миллионлаб америкаликларнинг 1,6 триллион долларлик талаба кредитларини назорат қиларди.

Эслатиб ўтамиз, Байден ва Ҳаррислар сайлов олдидан қатор америкаликларнинг ўқиш учун кредитларидан воз кечганди.

Департамент 1300 дан ортиқ ходимларини ишдан бўшатиш режасини эълон қиларкан ўтган ҳафта 20 штат ва Колумбия округи бош прокурорлари Бостон федерал судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Вазирликни жами 2,183 ишчилар тарк этиши керак, гарчи Трамп январ ойида лавозимга киришган пайтдаги 4,133 нафар таълим департаменти ходимларини ишдан ҳайдашини айтганди. 

Судга киритилган даъвога кўра, иш ўринларининг бундай қисқартирилиши таълим вазирлигини бутунлай фалажлайди, оқибатда департамент ўз функцияларини бажаролмай қолади. Бу эса АҚШ конституциясига зид, Конгресс ваколатлари чекланмоқда.

Чунки вазир МакМаҳонга қонуний функцияларни йўқ қилиш ёки бузишга рухсат берилмаган, у қонун билан белгиланган рухсатдан ташқари вазирликнинг масъулиятини бошқа агентлик ёки ташкилотга ўтказа олмайди, дейилади даъво аризасида.

Мавзуга оид