Белгород областидаги жанглар ва эвакуация: нималар бўлмоқда?

Фото: Getty Images
Украина қуролли кучлари Белгород областига бостириб кирганидан бир ҳафта ўтгач, у ерда ҳарбий ҳаракатлар кучаймоқда, томонлар қўшимча кучларни жалб қилмоқда. Россия мудофаа вазирлиги аввалроқ Украинанинг барча ҳужумлари қайтарилгани ҳақида баёнот берганди, бироқ россиялик ҳарбий блогерлар ва маҳаллий расмийлар вазиятни мураккаб деб баҳолаган. Белгород области раҳбарининг айтишича, ҳудудида жанглар кетаётган Краснояружский районининг деярли барча аҳолиси эвакуация қилинган.
Россия-Украина фронтининг ушбу янги участкасида нималар содир бўлаётгани ҳақида – BBC шарҳида.
Украина қуролли кучлари қўмондонлиги одатда ҳужум амалиётлари қандай кечаётганини жуда кам изоҳлайди, Белгород области билан боғлиқ вазиятда эса умуман изоҳ бермаяпти.
Россия мудофаа вазирлиги ҳам Белгород области ҳудудидаги вазиятни кам ёритмоқда. 18 март куни Украина қуролли кучларининг Россия мудофаасини ёриб ўтишга биринчи уринишлари ҳақида маълум бўлгач, ҳарбий раҳбарият барча ҳужумлар қайтарилгани, давлат чегарасини кесиб ўтишга йўл қўйилмагани ҳақида баёнот берганди.
«Белгород йўналишида „Север“ қўшинлари гуруҳи бўлинмалари томонидан Суми областининг Угроеди, Мирополе ва Краснополе аҳоли пунктлари ҳудудларида Украина қуролли кучларининг иккита механизациялашган бригадаси, ҳужум полки ва ҳудудий мудофаа кучлари бригадасининг жонли куч ва техникаси тўпланган жойларга зарба берилди», – дейилади вазирликнинг 25 март кунги ҳисоботида.
Аввалги маълумот билан солиштирганда, бу хабарда Украинанинг битта аҳоли пункти номи тушиб қолган ва Украина томони йўқотишлари ҳақидаги маълумотлар бошқача эди.
Эвакуация
Шу билан бир вақтда россиялик ҳарбий блогерлар Белгород областидаги мураккаб вазият ҳақида хабар бермоқда, маҳаллий ОАВ аллақачон иккита ҳудуд – Краснояружский ва Ракитянский районлари шиддатли ўққа тутилгани ҳақида ёзмоқда, интернетда инфратузилма иншоотлари вайрон бўлгани акс этган тасвирлар пайдо бўлган.
Регион раҳбари Вячеслав Гладков 23 март куни Белгород областининг Краснояружский районида яшовчи аёлининг аксар қисми – «амалда барчаси» эвакуация қилинганини айтди. Унинг сўзларига кўра, эвакуация Ракитянский райони аҳолисининг ҳам бир қисмини қамраб олган. Гладков хавфсиз жойларга олиб кетилганларнинг жами сонига аниқлик киритмаган.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил бошида Краснояружский районида 13,8 минг киши яшаган.
Демидовка учун жанглар
Белгород области ғарбидаги оғир жанглар ҳақида турли ҳарбий манбалар алоҳида тафсилотларсиз хабар берган. Уларнинг маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари чегара ҳудуддаги Демидовка ва Поповка қишлоқларининг бир қисмини эгаллаб олишга муваффақ бўлган – бу манзиллар чегарадан мос равишда уч ва бир километр масофада жойлашган.
«Белгород йўналишида Демидовка ҳудудида тўқнашувлар давом этмоқда. Украина бўлинмалари Поповка посёлкаси ва РФ қуролли кучларининг чегара ортидаги таянч пунктларига ёриб ўтишга уринган, бу эса участкада босим сақланиб қолаётганини кўрсатади. Вазият об-ҳаво шароити туфайли мураккаблашган – сўнгги кунларда ҳар икки томоннинг учувчисиз учиш аппаратлари фаоллиги пасайди.
«Айни пайтда Украина қуролли кучлари захираларни Краснояружский райони йўналишига ўтказмоқда, бу ҳужум зоналарини кенгайтиришга уриниш эҳтимолидан далолат беради», – деб ёзади Military Analitics телеграм-канали.
«Белгород области. Демидовкада жанглар кетяпти. Душман назорат зонасини кенгайтиришга уринишдан тўхтамаяпти», – дея тасдиқлайди Z-блогер WarGonzo.
«Приморелик чегарачилар отряди учун оғир командировка, афсуски, Белгород областининг Краснояружский районида қуролли босқинни қайтариш чоғида йигитларда йўқотишлар бор», – деб ёзганди бир кун аввал «Старший пограннаряда» телеграм канали.
«Айни вақтга келиб уларнинг барчаси эвакуация қилинди, ярадорлар орасида оғир аҳволдагилар ҳам бор. Таянч ҳудудга киравериш йўллари кўмилиб кетганди, шунинг учун чегарачиларимизга ёрдамга етиб келган 128-бригада йигитлари амалда қўллари билан йўлларни тозалаб ўтишган.
Позиция бўйлаб душман танки ишлаётгани ва „Баба Яга“ доимий равишда учиб келиб, снаряд ташлаётгани эвакуацияни қийинлаштирди. Позиция бой берилмади, аксинча, Россия мудофаа вазирлигининг етиб келган бўлинмалари томонидан кучайтирилди», – дейилади хабарда.
Россиялик ҳарбий блогерларнинг маълумотларига кўра, Украина қўшинлари нисбатан кичик гуруҳлар бўлиб ҳаракат қилмоқда, улар ўрмонзорларга киришга ва мустаҳкамланишга ҳаракат қилмоқда.
Ташаббусни қўлга олишга уринишми?
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) ихтиёридаги геолокация маълумотларига кўра, Украина қўшинлари Белгород областида Поповкадан Прилесягача бўлган ҳудудда ҳужум қилмоқда. Ушбу рус қишлоқлари ўртасидаги масофа тўғри чизиқ бўйлаб тахминан 12 километрни ташкил қилади, аммо чегара чизиғининг эгри чизиқларини ҳисобга олган ҳолда тўқнашув чизиғининг узунлиги анча катта.
ISW харитасида Украина қўшинларининг ушбу ҳудуд бўйлаб, гарчи жуда кичик чуқурликда бўлса-да, олдинга силжиши қайд этилган. Катта эҳтимол билан, аксарият жойларда гап Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудини эгаллаб олиши ҳақида эмас, балки чегара бўйлаб ҳар икки томон назоратида бўлмайдиган кулранг зонани шакллантириш ҳақида кетмоқда.
Украинанинг DeepState таҳлилий портали харитасида Украина қуролли кучларининг олдинга силжиши фақат Поповка ва Демидовка ҳудудида қайд этилган.
«Душман санитария зонасини яратиш учун Сумида (Басовка ва Владимировка яқинида) чегарани ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Шунга кўра, Мудофаа кучлари ҳам ташаббус душман томонига ўтишига йўл қўймаслик учун симметрик ҳаракат қилмоқда», – деб ёзади DeepState.
Иккинчи даражали йўналиш
Ўтган йил август ойида Украина қўшинлари бостириб кирган Курск областидан фарқли ўлароқ, Украина қуролли кучларининг ҳозирги зарба йўналиши истиқболли кўринмайди. Курск областида бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик аҳоли пунктлари, жумладан, атом электр станциясига эга Курчатов шаҳри, шунингдек, област марказининг ўзи потенциал таҳдид остида қолган, бу эса Россия қўмондонлигини зудлик билан катта захираларни олиб ўтишга мажбур қилганди.
Белгород областининг ғарбий қисмида йирик аҳоли пунктлари йўқ. Аммо Курск воқеалари Россия ҳукуматига душманнинг ҳатто битта район марказини босиб олиши ва ушлаб туриши қандай муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатди.
Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари учун бу катта таваккалчилик эмас – операция муваффақиятсиз кечган тақдирда ҳам, Россия бу йўналишда тезкор қарши ҳужумга ўтиши имконияти юқори эмас. Чунки чегаранинг Украина томонида очиқ майдон ва йўллар жуда кам.
Украина қўмондонлигининг режаси – Россия армиясини иккинчи даражали йўналишда жанг қилишга мажбурлаш бўлиши мумкин.
«Дарвоқе, душман қўмондонлиги аллақачон Белгород областига „Север“, „Запад“ ва „Юг“ қўшинлари гуруҳлари таркибидаги 6, 20 ва 3-умумқўшин армиялари кучларининг бир қисмини жалб этди», – дейди украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовец.
У Россиянинг 6-армияси Купянск йўналишида, 20-армияси Лиман, 3-армияси Северск ва Краматорск йўналишларида ҳаракат қилаётганини эслатган.
Мавзуга оид

23:14 / 01.04.2025
Украинада 20 км масофага уча оладиган оптик толали FPV-дронлар синовдан ўтказилди

22:54 / 01.04.2025
Россия ва Украина бир-бирини энергетика объектларига зарба беришда давом этаётганликда айблади

09:38 / 01.04.2025
ЕИ дипломатлари Россияни Украинада ҳеч қандай шартсиз ўт очишни тўхтатишга чақирди

08:51 / 01.04.2025