Ўзбекистон | 14:15 / 14.04.2025
50192
7 дақиқада ўқилади

22 ёшли қотил, уч қурбон ва кичик гувоҳ – Попдаги қотиллик тафсилоти

2024 йилнинг 9 августи. Поп тумани Чодак қишлоғидаги хонадонлардан бирига кечга яқин ИИБ, прокуратура ходимлари ва шифокорлар тўпланди. Хонадонда қотиллик жинояти содир этилган, аёл ва унинг вояга етмаган икки ўғли ваҳшийларча пичоқлаб кетилганди. Акалари ва онаси ўлдирилаётганини дераза орқали кўриб турган кичик қизалоқ эса диван остига яшириниб, тирик қолган. Қотил бу оилага бегона эмасди: 2025 йил 7 апрел куни унга ҳукм ўқилди.

Фото: Kun.uz

Чодакдаги жиноят

Қишлоқ ҳаёти бироз сокин бўлади: кун ботиши билан ҳамма ўз ишидан, даладан, томорқасидан қайтади. Бошланаётган туннинг сукунатини чирилдоқларнинг овозигина бузиб туради. Аммо 2024 йилнинг 9 августида Поп туманидаги Чодак қишлоғида тун ҳар кунги каби сокин бошланмади: қишлоқда қотиллик содир этилгани бир зумда одамлар қулоғига етиб борди. Қулоғи билан эшитаётганига ишонмаганлар ҳайратдан лол қолиб, жиноят содир этилган хонадон атрофига тўплана бошлади. Бу вақтда ИИБ ходимлари, шифокорлар ҳам жиноят жойига етиб келишганди.

Хонадон эгаси Россияда эди. Унинг турмуш ўртоғи, икки ўғли ваҳшийларча ўлдириб кетилганди.

22 ёшли қотил

Суд ҳукмида келтирилишича, қотиллик 2003 йилда туғилган Абобакир Муҳаматжонов томонидан содир этилган. Ўлдирилганлар унинг янгаси ва жиянлари эди.

Абобакирнинг отаси Аваз Исмоилов ва амакиси Маҳмуд Исмоилов аввалдан уй-жой ва маиший низолар туфайли мунтазам жанжаллашиб келишган. Оқибатда ҳар иккала оила аъзоларининг бир-бирларига нафрати ошиб борган.

Абобакир яшаган хонадон амакисининг хонадони орқали электр энергияси ва газ тармоғига уланган бўлган. Маҳмуд Исмоилов ишлаш учун Россияга кетганди. Унинг оила аъзолари қўшни хонадон эгаларини огоҳлантирмаган ҳолда мунтазам равишда ўзбошимчалик билан газ ва электр энергияси тармоғидан узиб қўйиб келган.

2024 йил 9 август куни соат 20:00 ларда уйига келган Абобакир янгаси Мохира Рахматова томонидан электр энергияси тармоқдан узиб қўйилганидан хабар топади. Бунинг учун ўч олиш мақсадида янгаси ва унинг вояга етмаган фарзандларини қасддан ўлдиришни режалаштирган.

Қонли тун

Абобакир рўзғор учун фойдаланиладиган пичоқни олиб, соат 20:30 ларда амакисининг хонадонига кирган. Дастлаб хонадон ҳовлисида томорқага қараб кетаётган, 2011 йилда туғилган жияни Мухсинжон Муҳаматжоновнинг орқасидан югурган. Етиб олгач қўлидаги пичоқ билан бўйин, қорин ва кўкрак қисмларига 29 маротаба зарба берган. Мухсинжон воқеа жойида вафот этган.

Кўзи қонга тўлган Абобакир унинг ҳаракатларини кузатиб турган ва жон сақлаш учун қочаётган янгасининг орқасидан қувган. У янгасини ётоқхонага кирганда ушлаб олган ва пичоқ билан 42 маротаба зарба бериб, уни ўлдирган.

Оиланинг яна бир ўғли Мақсаджон қотилнинг бу ҳаракатларидан қўрқиб, хонадон ошхонасига яшириниб олганди. Абобакир уни ҳам ўлдириш мақсадида қўлидаги пичоқ билан ичкаридан қулфланган ошхона эшигини очишга уринган. Бироқ пичоқ синиб кетган. У эшикни тепиб очган ва шу ерда турган бошқа пичоқ билан жияни Мақсаджонга 39 маротаба зарба берган ҳолда уни ҳам ўлдирган.

Шундан сўнг Абобакир жиноят изларини йўқотиш мақсадида янгасининг Samsung телефони ва шу хонадон ошхонасидан олган пичоқни томорқага отиб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб яширинган.

Мен ўлдирмадим”

Абобакир Муҳаматжонов судда айбига иқрор бўлмаган. У янгаси ва жиянларини бошқа шахслар ўлдирганини, агар жиноятни бўйнига олмаса унинг оила аъзоларини ҳам ўлдириш билан таҳдид қилишганини айтган.

Ўша куни ўртоқларим билан сунъий майдонда футбол ўйнамоқчи бўлиб, амакимнинг яшаш хонадони олдидаги дала ҳовлимизга бордим. У ерда янгам М.Рахматовани кўрдим, у яшаш уйига кириб кетди. Шундан сўнг симёғочдан электр токини ёқиб, далаҳовлимизга кирдим ва кийимларимни кийиб, телефоннинг чироғини ёққан ҳолда ташқарига чиқдим.

Ҳовлидан кетаётган вақтим кимдир мени чақирди. Амаким Россияда бўлгани учун шубҳаланиб, овоз келган томонга бордим. У ерда давлат рақам белгиси бўлмаган Damas машинаси турган экан. Машина чиқиб кетиш учун қулай қилиб, дарвоза томонга қараб қўйилганди.

Машинада юзида ниқоби бор 3 нафар одам борлигини кўрдим. Улардан иккиси машинадан тушди: бири сочимдан ушлади, иккинчиси қўлимни боғлади. Ушбу шахслардан бири бобомнинг укаси Ўткир эканлигини овозидан таниб қолдим.

Шундан сўнг улар қўлларимни скочлади. Электр чироғи ўчиқ бўлгани учун уларнинг юзини кўра олмадим. Қўлимдан ушлаб судраганча ҳовлига олиб чиқишди. У ерда Мухсин пичоқланган ҳолатда ётганини кўрдим ва стресс ҳолатига тушдим. Мени дарахтлар орасида уй ичига олиб боришди. Чап томондаги уй ичида янгам ва катта ўғли Мақсад пичоқланган ҳолатда ётганди. Унинг ёнида синган пичоқ бор эди. Ўша пичоқни олиб, чўнтагимга солишди.

Ўша шахслар менга ушбу жиноятни бўйнимга олишни, агар бўйнимга олмасам оила аъзоларимни ҳам шу ҳолатга туширишларини айтишди. Сўнгра қўлим боғланган ҳолатда ўша ерда қолдиришди.

Сўнг хоналар ичига кириб, амакимнинг қизи Мадинани исмини айтган ҳолда чақирдим. У менга жавоб бермагач ҳовлидан чиқиб, ўзимизнинг далаҳовлига кирдим. У ерда дадамни кўрдим ва амакимни хотини ва ўғилларини ўлдириб қўйганимни айтдим”, деган Абобакир ўз кўрсатмасида.

Шунингдек, у ниқобли одамлар қўрқитгани ва тергов вақтида унга куч ишлатишгани учун қотилликни тан олганини, аслида эса уларни ўлдирмаганини билдирган ва суддан енгиллик сўраган.

Абу ўлдирди”

Марҳуманинг кенжа фарзанди – қизи Мадина қотиллик содир этилаётганда диван остига яширинган. У судда қонуний вакили иштирокида сўроқ қилинганида онаси ва акаларини амакисининг ўғли “Абу” ўлдирганини айтган.

Абу” келиб акаларимга ва ойимга пичоқ тиқди. Мен диваннинг остига кириб, яшириниб олдим. “Абу” Мадина, чиқ, деди, мен чиқмадим. “Абу”нинг иккита пичоғи, қўлида скотч бор эди”, деган қизалоқ.

Маҳмуд Исмоилов судда турмуш ўртоғи ва фарзандларини жияни Абобакирнинг ўзи ўлдирмагани, унинг шериклари бўлганини айтиб, уларни ҳам жиноий жавобгарликка тортишни, судланувчидан 1 млрд сўм маънавий зарар ундириб беришни сўраган.

Далил

Абобакир суддаги кўрсатмасида янгаси ва жиянларини ниқобли шахслар ўлдиргани, унинг қўлини боғлаб, скотчлаб қўйганини айтган. Бироқ унинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳодиса жойидан олинган бармоқ излари, ўнга яқин экспертиза хулосалари билан ўз тасдиғини топган. Шунингдек, гувоҳлардан бири ўша куни Абобакирнинг қўлида арқон ва скотч изларини кўрмагани ҳақида кўрсатма берган.

Жазо

Жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2025 йил 7 апрелдаги ҳукми билан Абобакир Муҳаматжонов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а, в, ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Абобакир жазони махсус тартибли колонияларда ўтайди.

Шунингдек, судланувчидан жабрланувчининг қонуний вакили М.Исмоиловга 75 млн сўм, Т.Рахмоновага 50 млн сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд материаллари асосида тайёрланди. 

Мавзуга оид