Ўзбекистон | 21:07 / 16.04.2025
3019
6 дақиқада ўқилади

16 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Андижонни ривожлантириш бўйича таклифлар, таъзияли хонадондан кўнгил сўраган президент, бекор қилинган ярашув муддати ва мустақил органга айланган Қурилиш инспекцияси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Шарқий чегарада савдо зоналари ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини ривожлантириш бўйича йиғилишда Қирғизистон билан чегарада эркин савдо ва саноат зоналари яратиш зарурлигини билдирди.

Хусусан, Қўрғонтепа ёки Хўжаобод ҳудудларидан бирида бу лойиҳани амалга ошириш таклиф этилди.

Шунингдек, Хўжаободдаги «Дўстлик» постида юзага келаётган тирбандликлар аҳоли ва ташувчилар норозилигига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Масъул идоралардан муаммони таҳлил қилиб, ечим таклиф этиш сўралди.

Андижондан Қирғизистонга йиллик экспорт ҳажми 200 млн долларни ташкил этаётгани маълум қилинди. Шу муносабат билан логистика салоҳиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Президент «Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой» темирйўли ҳақида тўхталар экан, юк ташиш имконияти 10 баробар ошиши кутилаётганини, аммо ички инфратузилмалар бу юкни қабул қилишга қанчалик тайёрлиги масаласига эътибор қаратди.

«Андижон турмаси» кўчирилади, кўприк таъмирланади

Президент Шавкат Мирзиёев Андижонга ташрифи чоғида 3-сон тергов ҳибсхонасини — халқ орасида «Андижон турмаси» деб аталувчи муассасани шаҳар марказидан чиқариш ҳақида қарор қабул қилди.

Давлат раҳбари 100 йил аввал қурилган, «совуқ» бинонинг марказда жойлашиши нотўғри эканини таъкидлади. Турма шаҳар четидаги жойга кўчирилади, унинг ўрнида замонавий савдо ва сервис маркази барпо этилади.

Йиғилишда, шунингдек, Хонободдаги Қорадарё устидаги кўприкнинг ёмон аҳволи кўтарилди. Халқаро транспорт оқими ошган, бироқ кўприкнинг носозлиги сабаб тирбандликлар юзага келмоқда. Президент бир ой ичида реконструкция дастурини тасдиқлаш ва 25 млрд сўм ажратишни буюрди. Кўприк 2026 йилда фойдаланишга топширилиши шартлиги қайд этилди.

Шу куни президент Булоқбоши туманидаги йиғилишдан сўнг таъзия маросимида ҳам иштирок этди. Марҳума Мамлакатхон ая Давронованинг хонадонини зиёрат қилди.

«Ярашув муддати» бекор қилинди

Ўзбекистонда судлар томонидан ажрашиш пайтида белгиланадиган «ярашув муддати» энди йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев бу меъёрни расман бекор қилувчи муҳим қонунчилик ўзгаришини имзолади. Энди зўравонлик қурбони бўлган аёллар, оилавий таъқиб ва босимлардан безор бўлган фуқаролар ажрашиш учун қўшимча муддат кутишга мажбур эмас.

Бу норманинг амалдан олиниши оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёллар учун ниҳоятда катта енгиллик бўлди.

Бунга қадар ҳатто жисмоний ёки руҳий азобларга учраган аёллар суд қарори билан муайян муддат давомида «ярашиш эҳтимоли» билан зўравон эри билан бирга яшашга мажбур бўларди. Бу муддат давомида фарзандлар ҳам шундай муҳитда қийналарди. Энди эса жабрланган шахс дарҳол ажрашиш ҳуқуқига эга бўлади.

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева 9 апрелда қабул қилинган мазкур ўзгаришни аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлиги йўлида катта қадам дея баҳолади.

«Шахсиятни поймол қилган муҳитда ҳеч қандай ярашув бўлмаслиги керак. Ҳурмат ва хавфсизлик бўлмаган оилада ярашув мумкин эмас. Аёл ўзини танлаши керак, жамият эса буни қўллаб-қувватлаши шарт», деди Саида Мирзиёева. Бу нафақат аёллар, балки болаларнинг ҳам манфаати учун муҳим эканини таъкидлади у.

Қурилиш инспекцияси энди мустақил орган

Ўзбекистонда қурилиш соҳасини назорат қилувчи инспекция алоҳида ижро органига айлантирилади. Президентнинг махсус фармонига кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси вазирлик таркибидан чиқарилади ва мустақил тузилма сифатида фаолият юритади.

2025 йил 1 майдан тадбиркорлар инспекция билан шартнома тузган тақдирда, улар қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат назоратини амалга ошириш имконига эга бўлади. Бу ҳолда назорат тадбирлари “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмайди.

Инспекция молиялаштириш манбасидан қатъи назар, тадбиркорларнинг молиявий ишларига аралаша олмайди. Бундан ташқари, соҳадаги барча назорат функциялари рақамлаштирилади, хусусий назорат механизмлари ҳам жорий этилади. Бу ўзгаришлар шаффофликни таъминлаш ва соҳадаги ишончни кучайтиришга қаратилган.

Шунингдек, 1 июлдан бошлаб баландлиги 2 қаватдан, умумий майдони 500 квадрат метрдан ошмайдиган якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги нотурар бино-иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари хусусий сектор назоратига топширилади.

Хусусий қурилиш назорати олиб борилмаганда ёки назоратни олиб борган лойиҳачининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаганда, объект фойдаланишга қабул қилинмайди.

Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқ ногирон бор

2025 йил март ойи якунига кўра, Ўзбекистонда 1 млн 31 минг 609 нафар ногиронлиги бўлган шахс қайд этилган. Бу аҳолининг 2,7 фоизини ташкил этади. Улардан 465 мингдан ортиғи аёллар, 566 мингга яқини эркаклар, 173 минг 285 нафари эса болалардир.

Йил бошидан буён 17 минг 499 нафар шахсга бирламчи, 41 минг 487 нафарга қайта ногиронлик белгиланди. Бирламчи ногиронлик кўп ҳолларда қон айланиши, суяк-мушак, туғма нуқсонлар, эндокрин ва асаб тизими касалликлари сабаб берилган.

Ногиронлар орасида энг кўп — 493 879 нафар киши 30 ёшдан пенсия ёшигача бўлганлардир. Гуруҳлар бўйича эса II гуруҳдаги ногиронлар — 695 372 нафарни ташкил этади.

Мавзуга оид