Жамият | 10:53
5832
2 дақиқада ўқилади

Жомбой тумани ФВБ бошлиғи пора билан ушланди

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи, божхона пости инспектори, Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи пора олаётган пайтида ДХХ томонидан ушланди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) бир қатор тезкор тадбирларда пора олиш жинояти устида ушланганлар ҳақида хабар берди.

Жумладан, Тошкентдаги туманлардан бирининг Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи умумий ўрта таълим мактабида тарих фани ўқитувчисини мактаб директори лавозимига тайинлаш эвазига ўз хизмат хонасида 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда «Янгийўл» ТИФ божхона пости инспектори Қозоғистондан олиб кирилаётган буғдой маҳсулотлари ортилган вагонларни божхона кўриги ҳамда расмийлаштирувидан муоммосиз ўтказиб бериш эвазига учинчи шахс орқали 2700 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти, Жомбой тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, фуқарога яшаш хонадонида хусусий мактабгача таълим муассасаси очиши учун унинг турар-жойини ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ва келгусида раҳнамолик қилиш эвазига таъмагирлик йўли билан 200 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Шу билан бирга, Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи маҳаллий корхонага экологик хулоса бериш, Қарнаб қишлоғидаги «Наквойсой» ҳудудидан тош-шағал қазиб олишига рухсат бериш ҳамда келгусида раҳнамолик қилиш учун 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид