Жаҳон | 09:30
5052
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Кашмирдаги терактдан кейин Покистонга чекловлар жорий қилди

Ҳинд дарёси бўйича келишув тўхтатилди, Покистон ҳарбий маслаҳатчилари «персона нон грата» деб эълон қилинди.

Фото: AP / Dar Yasin

Ҳиндистон Покистон билан «Ҳинд дарёси суви» бўйича келишувнинг амал қилишини тўхтатди ва покистонлик маслаҳатчилардан бир ҳафта ичида мамлакатни тарк этишни сўради.

Press Trust of India (PTI) хабарига кўра, бу қарор Кашмирнинг Паҳалгам шаҳрида юз берган терактдан кейин қабул қилинган.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Викрам Мисри қарор тафсилотларини маълум қилди.

Деҳлидаги элчихонадаги Покистон ҳарбий маслаҳатчилари «персона нон грата» деб эълон қилинганини айтган Мисри, уларга Ҳиндистонни тарк этиш учун бир ҳафта муҳлат берилганини маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, 1960 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида имзоланган «Ҳинд дарёси суви» бўйича шартнома тўхтатилган.

«Шартнома Покистон трансчегаравий терроризмни қўллаб-қувватлашдан ишончли ва қайтариб бўлмайдиган тарзда воз кечмагунча дарҳол тўхтатилади», деди Ҳиндистон ташқи ишлар вазири.

Унинг сўзларига кўра, Вагаҳ-Аттари чегара пункти ёпилган ва бу жойдан ўтганлар 1 майгача худди шу йўналишда орқага қайтиши мумкин.

Шу билан бирга, Покистон фуқароларига Жанубий Осиё Минтақавий Ҳамкорлик Ташкилотининг (SAARC) кенг қамровли визалари билан Ҳиндистонга бориш тақиқланди. Бундай визага эга бўлган покистонликларга мамлакатни тарк этиши учун 48 соат вақт берилди.

Мисрининг таъкидлашича, бу қарорлар «терроризмга нисбатан мутлақ тоқатсизлик сиёсатини» акс эттиради.

Аввалроқ, Жамму ва Кашмирдаги қуролли ҳужумда камида 28 киши ҳалок бўлди. Ҳиндистон ва Покистон даъво қилган, бироқ Ҳиндистон томонидан бошқариладиган баҳсли ҳудуд — Паҳалгам туманида қуролланган шахслар сайёҳларга қарата ўт очган эди.

Мавзуга оид