Ўзбекистон | 14:31 / 24.04.2025
3312
3 дақиқада ўқилади

Туркман халқининг миллий етакчиси «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотланди

Фото: Президент матбуот хизмати

Икки томонлама музокаралар якунида Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – «Олий Даражали Дўстлик» орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари мукофотни топширар экан, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қардош мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан хизматларини алоҳида қайд этди.

- Қардош Туркманистоннинг барча улкан ютуқлари, кенг кўламли янгиланишлари ва халқаро майдондаги нуфузи юксалиши сизнинг номингиз билан чамбарчас боғлиқ, - деди Ўзбекистон Президенти.

Туркманистонда иқтисодиётнинг барқарор ўсиши таъминланмоқда, аҳоли фаровонлиги изчил юксалмоқда. Президентимиз Туркман халқининг миллий етакчиси томонидан илгари сурилаётган глобал хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидаги халқаро ташаббусларни алоҳида қайд этди.

Шу муносабат билан Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2025 йилни "Тинчлик ва ишонч йили" деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватлангани таъкидланди.

Туркманистон етакчисининг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари бугунги кунда юксак даражага чиққани, ҳақиқатдан намунавий тус олгани таъкидланди.

- Шахсан сизнинг кўмагингиз билан 2017 йилда давлатларимиз стратегик шериклигининг мустаҳкам асоси яратилди, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатларимиз парламентлари, ҳукуматлари, ҳудудлари, ишбилармонлари, жамоатчилиги, зиёлилари ва ёшлари ўртасида фаол мулоқотлар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Масалан, кейинги йилларда товар айирбошлаш бир неча баробар кўпайиб, 1 миллиард доллардан ошди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик юксак эътирофга лойиқ. Масалан, ўтган йили Ашхобод ва Тошкентда Махтумқули асарларининг ўзбек тилидаги тўплами тақдимот қилинди, шунингдек, Ашхобод халқаро кинофестивалида ўзбек-туркман бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг олий мукофоти топширилиши кўп миллатли халқимизнинг атоқли давлат арбоби, бугунги Туркманистоннинг миллий етакчиси ва меъмори сифатида унга нисбатан самимий ҳурмат-эҳтироми ифодаси бўлгани таъкидланди.

Мавзуга оид