Жаҳон | 18:51 / 27.04.2025
3016
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Покистон билан кескинлик фонида ракеталарини синовдан ўтказди

Мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларга қарши ракеталарни учириб, «узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги ҳужум зарбаларини амалга оширишга» тайёр эканини намойиш этди.

Фото: Indian Navy

Ҳиндистон Покистон билан муносабатлари кескинлашгани фонида кемаларга қарши ракеталар синовини ўтказди. Бу ҳақда мамлакат Ҳарбий-денгиз флоти вакили маълум қилди.

«Ҳиндистон Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларга қарши ўт очиш бўйича машғулотларни муваффақиятли амалга оширди. Бу орқали платформалар, тизимлар ва экипажнинг узоқ масофаларга юқори аниқликдаги ҳужум зарбаларини беришга тайёрлиги яна бир бор тасдиқланди ва намойиш этилди», — дейилади хабарда.

Ракетларни учириш сўнгги кунларда Ҳиндистон ва қўшни Покистон ўртасидаги кескинлик кучайгани фонида ўтказилди. Тарангликка 22 апрел куни Паҳалгам шаҳрида (Жамму ва Кашмир ҳудуди) амалга оширилган террорчилик ҳаракати сабаб бўлди. Ушбу ҳудудни Ҳиндистон назорат қилади, бироқ унга узоқ йиллар давомида Покистон ҳам даъво қилиб келади.

Қуролланган жангарилар Паҳалгамдаги туристларга ҳужум қилиши оқибатида 26 киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб одамлар яраланди. Ҳинд куч тузилмаларининг тахминича, ҳужумни олти нафар жангари уюштирган. Улар Байсаран водийсидаги сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланаётган сайёҳларга ўт очган. Ҳужум учун масъулиятни «Кашмир қаршилиги» қуролли гуруҳи ўз зиммасига олган. Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғламоқда.

Ҳиндистон ҳукумати Покистонга қарши қатъий чоралар кўрди, жумладан, унинг дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборди ва Ҳинд дарёси сувларидан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани тўхтатиб қўйди. Покистон томони ҳам бунга қарши чоралар билан жавоб қайтарди, хусусан, ҳинд авиакомпаниялари учун ўзининг ҳаво маконини ёпди. Мамлакат ҳукумати Ҳинд дарёси сувининг тўхтатиб қўйишга бўлган уринишни уруш акти сифатида қабул қилишларини билдирди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги ва энергетикасининг катта қисми ушбу сув оқимини барқарорлигига боғлиқ.

Ҳиндистон ва Покистон чегарасида уч кечадан бери отишмалар юз бермоқда. Покистон Мудофаа вазирлиги агар Ҳиндистон эскалацияга бормаса, ҳарбий ҳаракатларни бошламаслигини таъкидлаган.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 27 апрел куни мамлакат аҳолисига мурожаат йўллаб, Ню-Деҳли сайёҳларнинг ўлимига алоқадор шахсларни жавобгарликка тортишини маълум қилди.

Мавзуга оид