Жаҳон | 13:24
1066
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй Amazon'нинг бож миқдорларини ошкор этиш режаларини танқид қилди

ОАВ хабарларига кўра, Amazon Трамп томонидан киритилган қўшимча тўловлар миқдорини маҳсулот муқоваларида чоп этиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Оқ уй буни «душманлик ва сиёсий ҳаракат» деб эълон қилди.

Фото: Mandel Ngan/AFP/Getty Images

АҚШ маъмурияти Amazon компаниясининг Қўшма Штатлардаги онлайн-дўконида АҚШ президенти Доналд Трамп бошлаган савдо уруши сабабли америкалик харидорлар тўлаши керак бўлган қўшимча божлар миқдорини эълон қилиш ҳақидаги эҳтимолий қароридан норозилигини билдирди. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт 29 апрель, сешанба куни бу «Amazon'нинг душманлик ва сиёсий ҳаракати» бўлишини айтди.

У Amazon бош директори Жефф Безосни Хитой билан ҳамкорлик қилишда айблади. Ливитт Punchbowl News онлайн-платформаси нашрига шу тарзда жавоб қайтарди. Платформа аноним манбага таяниб, Amazon'нинг Трамп томонидан муайян маҳсулотларга қўйиладиган қўшимча тўловлар ҳажмини мижозлар учун шаффоф қилиш режалари ҳақида ёзган.

Айни пайтда Безос компанияси қўшимча йиғимлар миқдорини эълон қилишга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Amazon'нинг таъкидлашича, бундай мулоҳазалар қабул қилинмаган. Корпорация вакили Тим Дойлнинг сўзларига кўра, бундай қарорлар «тасдиқланмаган ва бўлмайди ҳам».

Бироқ, Дойл қўшимча бож миқдорини эълон қилиш ғояси айрим маҳсулотлар учун ички кўриб чиқилгани, аммо рад этилганлигини тан олди.

AFP эслатганидек, Amazon асосчиси Жефф Безос январь ойида Трампнинг инаугурация маросимида бошқа технологик миллиардерлар қаторида иштирок этган. Ўшандан бери Оқ уй раҳбари ва ушбу бизнесменларнинг бир қисми ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада совуқлашди. Хусусан, Meta бош директори Марк Цукерберг Трампнинг монополияга қарши суд жараёнини бошлашига тўсқинлик қилишга уриниб кўрди, дея қайд этади агентлик.

Мавзуга оид