Қозоғистонда Каспий денгизи соҳилидан 80 дан ортиқ ўлик тюленлар топилди
Сув ҳайвонлари жасади жуда чириб кетгани боис, улардан лаборатория шароитида сифатли номуналар олиш имконсиз.

Фото: Tengrinews
Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Тупқараған туманидан Каспий денгизи соҳилларига чиқариб ташланган 88 та тюлен жасади топилди. Бу ҳақда мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Балиқчилик қўмитаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, тюленлар жасади 29 апрел куни Жайқ-Каспий минтақалараро ҳавза инспекцияси ходимлари томонидан қирғоқ мониторинги пайтида топилган.
Ушбу ҳудудга инспекция, ҳокимлик ҳамда гидробиология ва экология институти ходимлари етиб келган. Қизил китобга киритилган жонзотлар ўлими Тупқараған тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширувларнинг ягона реестрида рўйхатга олинган.
«Қазгидромет маълумотларга кўра, ўтган давр мобайнида минтақа акваториясида асосан ғарбий шамоллар эсган, улар орқали тюленлар жасади қирғоққа олиб келинган. Гидробиология ва экология институти тақдим этган маълумотларда келтирилишича, ҳайвон жасадлари ниҳоятда чириган ҳолатда бўлиб, бу лаборатория шароитида сифатли намуна олиш, шу жумладан, токсикологик ва патологоанатомик таҳлиллар ўтказиш имконини бермайди», — дейилади қўмита хабарида.
Тюленлар жасади тўпланиб, санитария нормаларига риоя қилинган ҳолда полигонда йўқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр охирларида Қозоғистоннинг Манғистов вилоятида сўнгги уч ҳафтада Каспий денгизи қирғоғидан мингдан ортиқ тюленларнинг жасади топилганди.
Каспий тюлени Қозоғистон Қизил китобига киритилган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги вақтда Каспий денгизининг Қозоғистон сектори акваториясида 240 мингдан ортиқ индивид яшайди. Бу ҳайвонларнинг оммавий қирилиши деярли ҳар йили кузатилади. Мутахассислар бунинг эҳтимолий сабаблари сифатида кемалар қатнови, денгизнинг ифлосланиши, микропластик ва балиқ овлаш тўрларини кўрсатмоқда. Тюленлар тўрларга ўралиб қолиб, жароҳатланади.
Мавзуга оид

01:52
Қозоғистон россиялик тўрт депутат ва Давлат думаси вице-спикерининг мамлакатга киришини тақиқлади

16:46 / 02.05.2025
Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитойга дори-дармон хомашёси экспорти бўйича етакчилар қаторига кирди

12:53 / 02.05.2025
Қозоғистон ва Ўзбекистон биржалари мева-сабзавотларни ҳамкорликда сотади

19:21 / 01.05.2025