Сурия ва Исроил БАА воситачилигида яширин музокаралар олиб бормоқда — Reuters
Сурия хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали амалдорга кўра, музокаралар канали фақат хавфсизлик ва терроризмга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган.

Фото: Reuters
Сурия ва Исроил БАА воситачилигида ташкил этилган алоқа канали орқали музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, мулоқотлар икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга қаратилган ва у биринчи навбатда хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишни ўз ичига олади.
«Алоқа каналини ташкил этиш ташаббуси Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа 13 апрел куни БААга расмий ташрифни амалга оширганидан бир неча кун ўтиб амалга оширилган», — дейилади хабарда.
Сурия хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали амалдорнинг сўзларига кўра, канал фақат хавфсизлик ва терроризмга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган. Шу билан бирга, музокараларга БАА хавфсизлик хизматлари, Сурия разведкаси ва Исроил разведкасининг собиқ ходимлари жалб этилган.
Сурия ва Исроил ўртасидаги муносабатлар феврал охирларида, Дамашқ яқинидаги аҳоли пунктида ўтиш даври ҳукуматининг хавфсизлик ходимлари ва ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари ўртасидаги тўқнашувдан кейин кескинлашган.
2 май куни Исроил қирувчи самолётлари Дамашқдаги президентлик саройи атрофидаги ҳудудлар бўйлаб зарбалар берди. Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг сўзларига кўра, бу сўнгги кунларда Сурияда динлараро шафқатсиз зўравонликлар қурбони бўлган, диний озчиликни ташкил этувчи друзларни ҳимоя қилиш мақсадида қилинган.
Маълумот учун, друзлар бу — Яқин Шарқ минтақасидаги қадимий элатлардан бири, яҳудийларга ўхшаб ҳам миллат, ҳам динни уйғурлаштирган шаклдаги бир гуруҳ ҳисобланади. Улар ўзига хос ёпиқ маданиятга эга. Улар асосан Яқин Шарқ (Ливан, Сурия, Исроил)да тарқалган сирли ва ярим-ёпиқ диний-фалсафий оқимдир.
Мавзуга оид

09:07 / 10.05.2025
Шаржада бўлиб ўтадиган халқаро китоб ярмаркасида Ўзбекистон павильони ташкил этилади

14:12 / 09.05.2025
Ўзбекистон ва БАА туризм соҳасида кадрлар тайёрлашни бошлайди

07:41 / 09.05.2025
Ғазодаги ҳукумат: Исроил фаластинликлар изоляцияси учун лагерлар яратишни режалаштирмоқда

03:00 / 08.05.2025