Ўзбекистон | 20:55 / 08.05.2025
1458
5 дақиқада ўқилади

8 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Жанубий Фарғона канали қирғоқларининг бирида ўпирилиш юз берди, Форишда кичик қувватли АЭСни жойлаштириш схемаси тасдиқланди, мингдан ортиқ одамни чув туширган сохта трейдер ушланди, президент «Ғалаба боғи»га борди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жанубий Фарғона канали қирғоғи ўпирилди

Андижон вилояти Булоқбоши тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали қирғоқларининг бирига шикаст етди. Ҳодиса оқибатида канал суви тошиб, атрофдаги кўчаларни сув босди.

Ўзгидрометнинг маълум қилшича, сув тошқинига Жанубий Фарғона каналига меъёридан ортиқ сув ташланиши сабаб бўлган.

Унга кўра, хавфли гидрологик ҳодисанинг келиб чиқишига Жанубий Фарғона каналига ГЭС қурилиши сабабли ортиқча сув ташланган. Сув сарфи тахминан 15 метр куб/секундни ташкил этган. Ҳодиса талафотлари ўрганилганида жами 560 та хонадонни сув босгани аниқланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса ҳодиса оқибатида 30 та хонадоннинг ичига, 70 та хонадоннинг эса томорқасига сув кирганини билдирди.

«Сув оқимини пасайтириш ва кирган сувларни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилмоқда», дейилади вазирлик маълумотида.

Ҳозирда сув сизиб чиқишининг олдини олиш ишлари давом этмоқда. Ҳодисани бартараф қилиш учун 40 га яқин техника жалб қилинган.

Форишда кичик қувватли АЭСни жойлаштириш схемаси тасдиқланди

Энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Алишер Султонов раислигида кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга оширишга бағишланган оператив штаб ва илмий-техник кенгашнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш доирасида «Атомстройэкспорт» АЖ билан тузилган шартнома асосида амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати акс эттирилган тақдимот намойиш этилди. Тақдимотда лойиҳалаш босқичлари, тайёргарлик ишлари ва халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорлик масалалари атрофлича кўрсатилди.

Иштирокчилар шартнома мажбуриятларининг аниқ белгиланган муддатда бажарилаётганини таъкидлаб, регламентга қатъий риоя қилиш зарурлигига тўхталди, шунингдек, қурилиш-монтаж базасини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш давомида Жиззах вилояти Фориш туманида кичик қувватли атом станциясини жойлаштириш схемаси тасдиқланди. Бу лойиҳани минтақавий эҳтиёжларга мослаштириш ва электр энергияси ишлаб чиқаришни оптималлаштириш имконини беради.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг табиий уран ресурсларидан ядро ёнилғиси ишлаб чиқаришда фойдаланиш имконияти муҳокама қилинди, бу лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва мамлакатнинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Йиғилиш барча иштирокчиларнинг кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади.

Мингдан ортиқ одамни чув туширган сохта трейдер

Telegram тармоғида гуруҳ очиб, пулини қисқа фурсатда кўпайтириб беришини айтган ҳолда одамларни алдаб келган йигит Тошкент шаҳрида қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Наманган вилоятида яшовчи шахс одамларга пулини қисқа фурсатда кўпайтириб беришини айтиб, ижтимоий тармоқлар орқали уларни алдаб келган. Унинг ёлғонига мингдан ортиқ одам чув тушган.

Йигит ўз изини йўқотиш мақсадида турли вилоятларда яшовчи одамлар номига олинган телефон ва SIM-карталар, шунингдек, банк карталаридан фойдаланиб келган. Ўғирлаган пулларини эса ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган.

Унинг алдовига ишонганлар орасида навоийлик шахс ҳам бор. У 7 млн сўм пулини ўз қўли билан киберўғрига топширган. Алданганини билгач эса Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган.

Сохта трейдер Навоий вилояти ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг «ўғирлик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Президент «Миллат фидойилари» хиёбонида бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев «Ғалаба боғи»даги «Миллат фидойилари» хиёбонига ташриф буюриб, марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашди.

«Ҳар йили бу ерга келиб, Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишларни эслаймиз. Энди мустақиллик фидойиларига бағишланган ушбу мажмуани ташкил қилганимиз хайрли иш бўлди. Чунки улар ҳам миллий қаҳрамонларимиз. Шу жиҳатдан, бу майдоннинг маънавий аҳамияти катта. Бу ҳам ўзликни англаш, бу ҳам инсон қадри», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ватан ҳимоячиларининг оила аъзоларига чуқур ҳурматини билдирди.

Шунингдек, президент Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчиларини ҳам зиёрат қилиб, байрам билан табриклади.

Мавзуга оид