Ўзбекистон | 16:31 / 08.05.2025
2076
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида қандай об-ҳаво кутилмоқда?

Пайшанба куни Ўзбекистонга нисбатан салқин ва бироз нам ҳаво массалари кириб келади. Жума куни ҳарорат пасайиб, баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Шанба-якшанба кунлари ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво +30…+35 даражагача исийди.

Пайшанба куни Ўзбекистон ҳудудига нисбатан салқин ва бироз нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

8 май куни Қорақалпоғистон Республикасида баъзи жойларда, куннинг иккинчи ярмида эса марказий вилоятларда ва Фарғона водийсида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Кундузги ҳаво ҳарорати чоршанба кунига нисбатан 3–4 даражага паст – +32…+35 даража, шимолда +25…+28 даража атрофида бўлади.

9 май куни ҳарорат пасайиши давом этади, кундуз кунлари ҳарорат +27…+30 даража, жанубда ва чўл ҳудудларда +32…+35 даража атрофида бўлади. Кечаси ва эрталаб марказий вилоятларда, куннинг иккинчи ярмида Фарғона водийсида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди, айрим тоғли ҳудудларда кучли ёмғир ёғиши мумкин.

10–11 май кунлари республикада ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат асосан +30…+35 даража бўлади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13–18 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 8–11 май кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 8 май куни кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +31…+33 даража бўлади. Кечга томон, шунингдек, 9 майда кечаси ва эрталаб бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. 10–11 май кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 9 май куни +28…+30 даража, 10–11 май кунлари +31…+33 даража бўлади.

Мавзуга оид