Ўзбекистон | 12:28 / 10.05.2025
10828
2 дақиқада ўқилади

9 ёшли қизнинг ўлимига сабаб бўлган BYD ҳайдовчиси 4 йилга қамалди

Аёл BYD машинасини белгиланганидан юқори бўлган тезликда бошқариб бораётиб, автобусдан тушган ҳолда йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган ўқувчини уриб юборган. 9 ёшли қизалоқ олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкентда ўқувчининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Millar дастури хабар берди.

Тафсилотларга кўра, ЙТҲ 2024 йил 19 сентябр куни соат тахминан 13:45 ларда Файзли Тошкент кўчасида содир бўлган. Сергели йўли шоҳкўчасида автобус белгиланмаган жойда йўловчиларни тушириб қолдирган. 1983 йилда туғилган М.А. (аёл) бошқарувидаги BYD Song Plus автобус олдидан йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган ўқувчи қизни уриб юборган. Аёл машинани шаҳарда рухсат этилганидан юқори тезликда бошқарган.

Қиз тан жароҳатлари сабабли касалхонага олиб борилган вақтда вафот этган.

Ҳолат юзасидан BYD ҳайдовчиси М.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Кейинчалик пойтахт ИИББ матбуот хизмати Kun.uzʼга ҳолат бўйича бир қанча экспертизалар тайинланганини, хулосага кўра ҳайдовчига нисбатан эҳтиёт чораси масаласи кўриб чиқилишини билдирганди.

ЖИБ Сергели туман судининг ҳукми билан BYD ҳайдовчиси М.А. Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилди. Унга нисбатан 2 йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид