Жаҳон | 17:43 / 10.05.2025
4827
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Покистон АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишди

АҚШ воситачилигида олиб борилган музокаралардан сўнг, Ҳиндистон ва Покистон тўлиқ ва дарҳол кучга кирувчи оташкесимга рози бўлди, дея эълон қилди Доналд Трамп. Унинг сўзларини расмий Деҳли ва Исломобод ҳам тасдиқлади.

Фото: Mukhtar Khan/AP

«Америка Қўшма Штатлари воситачилигида олиб борилган узоқ давом этган музокаралардан сўнг, Ҳиндистон ва Покистон тўлиқ ва дарҳол кучга кирувчи оташкесимга рози бўлганини мамнуният билан эълон қиламан», деб ёзди АҚШ президенти 10 май куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Трамп иккала давлатни ҳам «соғлом фикр ва юксак ақл билан ҳаракат қилгани» учун табриклади.

Бу баёнотдан кейин Покистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Исъҳоқ Дар ҳам дарҳол кучга кирувчи оташкесимни тасдиқлади.

«Покистон ва Ҳиндистон дарҳол кучга кирувчи оташкесимга рози бўлди. Покистон ҳар доим минтақада тинчлик ва хавфсизлик учун интилиб келган, бу йўлда ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги борасида ҳеч қачон муроса қилмаган!» деб ёзган Дар.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жаишанкар ҳам оташкесимни тасдиқлади.

«Бугун Ҳиндистон ва Покистон ўқ узиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича ўзаро келишувга эришди. Ҳиндистон доимо терроризмнинг барча шакл ва кўринишларига нисбатан қатъий ва муросасиз позицияни сақлаб келган. Бу йўлдан бундан кейин ҳам чекинмайди», деб ёзган Ҳиндистон бош дипломати.

Эслатиб ўтамиз, 6 май куни кечқурун Ҳиндистон «Синдур» ҳарбий операцияси ўтказилишини эълон қилди, унинг доирасида мамлакат қуролли кучлари Покистондаги «террорчилик инфратузилмалари»га, шунингдек, Ҳиндистон, Покистон ва Хитой ўртасида бўлиб олинган баҳсли ҳудуд – Кашмирнинг Покистон ҳудудидаги қисмига ракета зарбалари йўллади. Бунга аввалроқ Кашмирда рўй берган теракт сабаб қилиб кўрсатилди.

Ҳиндистон ҳужумига жавобан Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари ва армияси Ҳиндистон ҳудудига «ҳам ҳаводан, ҳам ердан» зарбалар берди.

Сўнги кунларда вазият янада кескинлашган, хусусан, кеча тунда Покистон томони «Баньян-ул-Марсус» («Мустаҳкам девор») деб номланган кенг кўламли ҳарбий операция бошлаганини билдирганди.

Мавзуга оид