Иқтисодиёт | 14:30 / 14.05.2025
873
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси ҳажми айтилди

Покистон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг 2024 йилда Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари динамикасига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди.

Фото: Getty Images

Жумладан, ушбу мамлакатнинг Pakistan in the World журнали, Media Today ахборот агентлиги, Daily Big Digit ва NewsLark газеталари, The AZB, The Gulf Observer, The Europe Today ва World News онлайн платформаларида Ўзбекистоннинг 2024 йил Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари динамикасига бағишланган "Инфографика: Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги Жанубий Осиё мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Покистон нашрлари сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини, 2016-2024 йилларда ўзаро савдо ҳажми 2,5 баробарга, экспорт 2,3 баробарга, импорт эса 2,9 баробарга ошганини маълум қилган. Қайд этилишича, биргина 2024 йилда билан Жанубий Осиё мамлакатлари товар айланмасининг умумий ҳажми 2,6 миллиард долларни ташкил этган.

"Ўзбекистон Жанубий Осиё мамлакатларига асосан электроэнергия, нефть маҳсулотлари, транспорт хизматлари, дуккаклилар ва ун экспорт қилиб, улардан фармацевтика маҳсулотлари, машина ва ускуналар, қорамол гўшти, кимёвий ва тўқимачилик маҳсулотлар, тайёр кийим-кечак сотиб олади", – дейилган нашрларда.

Покистон ОАВ, шунингдек, 2024 йил якунларига кўра, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон Ўзбекистоннинг Жанубий Осиёдаги асосий 3 та йирик савдо ҳамкори бўлиб тургани ҳақида ёзган.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг 2024 йилда Афғонистон билан савдоси 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич минтақа мамлакатлари билан умумий савдо ҳажмининг 41 фоизига тенг. Ҳиндистон билан савдо айланма ҳажми 981 миллион долларга етган.

"Ўзбекистондан Покистонга экспортнинг асосий позицияларини озиқ-овқат саноат, хизматлар, тўқимачилик хомашёси, ипак ва кимё маҳсулотлари, импортни эса кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик маҳсулотлари, қимматбаҳо бўлмаган металлардан тайёрланган буюмлар, машина ва ускуналар, транспорт хизматлари ташкил этмоқда", – деб ёзган Покистон ОАВ.

Мавзуга оид