Жаҳон | 10:30 / 15.05.2025
996
2 дақиқада ўқилади

Россия аэропортлари 2025 йилда дронлар туфайли 217 марта ёпилди

Украина дронлари таҳдиди Россия аэропортларини олдинги икки йилга нисбатан тез-тез ёпилишга мажбур қиляпти. Бу йил Россиянинг ғарбий қисмидаги аэропортлар тез-тез ўз фаолиятини тўхтатяпти.

Фото: Валерий Шарифулин / ТАСС

14 май, чоршанба куни «Новая газета Европа» Росавиация ва ОАВ хабарларига таяниб хабар беришича, жорий йил бошидан буён Россия аэропортлари Украина дронларининг ҳужуми таҳдиди туфайли камида 217 марта фаолиятини тўхтатди. Бу бутун 2023 (58 марта) ва 2024 (91) йиллардан кўпдир. Ҳаммаси бўлиб, 2023 йилнинг февралидан жорий йилнинг майигача бўлган даврда нашр камида 366 та шундай ҳолатни қайд этган.

Нашрда таъкидланишича, агар аввалги икки йилда аэропортлар устидаги осмон асосан Москва ва Қозонда ёпилган бўлса, 2025 йилда — Россиянинг асосан ғарбида — Саратов ва Волгограддан Нижний Новгород ва Пензагача ёпилди.

Москва аэропортларида 101 марта — Внуковода (33 марта), Домодедовода (32), Жуковскийда (22) ва Шереметевода (14) «Ковер» режаси (аэропорт самолётларнинг келиши ва жўнаши учун ёпилиши) жорий этилган. Қозон аэропортида парвозлар 41 марта, Саратовда — 25 марта, Нижнекамскда — 24 марта тўхтатилган.

Жорий йилнинг 6-7 май кунлари Москва ва Россия Федерациясининг бошқа вилоятларидаги аэропортлар Украина дронларининг ҳужумлари муносабати билан киритилган чекловлар туфайли ўз ишини тўхтатди. Москвадаги барча тўртта аэропорт ҳам ўз фаолиятини тўхтатди. «Новая газета Европа»нинг ҳисоб-китобларига кўра, биргина шу икки кун ичида аэропортлар 35 марта ёпилган. Россия Туроператорлари ассоциацияси маълумотларига кўра, шу сабабли ташувчилар 350 дан ортиқ рейсларни кечиктирган ёки бекор қилган, бу эса 60 мингдан ортиқ одамга зарар етказган. 8 май куни тушдан кейин Росавиация Москва вилояти аэропортларида вазият барқарорлашгани ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид