Трамп Ғазони эркин ҳудудга айлантириш ҳақида гапирди
Қатардаги АҚШнинг энг йирик ҳарбий базаси — Ал-Удейдга ташриф буюрган Доналд Трамп Ғазо учун «жуда яхши ғоялари» борлигини айтди. «Агар АҚШ бу ҳудудни ўз назоратига олса ва эркинлик зонаси қилса, мен бундан фахрланардим», — деган Трамп.

Фото: Doug Mills/The New York Times
Қатарга ташрифи давомида АҚШ президенти Доналд Трамп амирликдаги ал-Удейд ҳарбий базасига етиб келди. Трамп АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий базасига келгач, дастлаб саҳнада туриб, «God Bless the USA» номли қўшиқ оҳангига енгил ҳаракатлар билан рақсга тушди, сўнг нутқига киришди.
Тадбирда АҚШ ва Қатар ҳарбийлари ҳам қатнашмоқда. У ўз чиқишида Ғазо бўйича режаларини айтган.
«Менда Ғазо учун жуда яхши ғоялар бор: уни "freedom zone" — яъни эркинлик зонасига айлантириш. АҚШ бу ишга аралашиб, Ғазони шунчаки эркин ҳудудга айлантириши керак», — дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Al-Jazeera нашри.
«Менда ҳаво суратлари бор — деярли бирорта бино бутун қолмаган. Бу ерда сиз бирор нарсани сақлаб қолишга уриняпсиз дейиш ҳам қийин. Агар зарурат бўлса, АҚШ бу ҳудудни ўз назоратига олса, уни эгалласа ва эркинлик зонаси қилса, мен бундан фахрланардим», — деган Трамп Қатардаги сафари давомида.
Трамп жорий йил бошида ҳам Ғазо устидан узоқ муддатли АҚШ назоратини ўрнатиб, уни Яқин Шарқнинг Riveria'си сифатида қайта қуриш фикрини илгари сурган эди.
Трампнинг Яқин Шарқнинг бой давлатлари — Саудия Арабистони, Қатар ва БААга ташрифи арафасида АҚШ Фаластинни тан олиши ҳақида гаплар тарқалган эди. Ҳозирча АҚШ раҳбари Саудияда ҳам, Қатарда ҳам бу мавзуни очмади.
Ал-Удейд ҳарбий базаси — 1996 йилда очилган, Қатарда жойлашган энг йирик АҚШ ҳарбий базаси бўлиб, минтақадаги стратегик ва ҳарбий операциялар учун муҳим аҳамиятга эга.
Бу база АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ва АҚШ ҳаво кучлари марказининг минтақавий штаби сифатида ишлайди. Базада 10 мингдан ортиқ АҚШ ва иттифоқчи ҳарбий хизматчилар хизмат қилади.
Мавзуга оид

01:16
Холокостдан омон қолган 97 ёшли кекса аёл университет талабасига айланди

00:53
Истанбулдаги музокаралар 16 майга кўчирилди. Зеленский Украина делегацияси таркибини тасдиқлади

23:58 / 15.05.2025
9 млн долларни талон-торож қилишда айбланган Ўзбекистон фуқароси Россияда қўлга олинди

23:46 / 15.05.2025