BBC сионизм ҳақидаги пости учун Гари Линекерни ишдан бўшатди
Корпорациянинг энг катта маош олувчи бошловчиси бўлган собиқ футболчи инстаграмдаги саҳифасида жойлаган Фаластин тарафдорларининг «Сионизмни икки дақиқада тушунтириш» номли рилси антисемитизм деб топилган.

Andy Kelvin / PA Images / Getty Images
BBC телебошловчи Гари Линекер билан ҳамкорликни тўхтатди, бу унинг ижтимоий тармоқдаги пости антисемитизм деб топилиши билан боғлиқ можаро фонида рўй берди.
64 ёшли Гари Линекер – Буюк Британиядаги энг машҳур шахслардан саналади. У собиқ футболчи, Англия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бўлган, 1990-йиллар бошида у жамоага сардорлик қилган. Футболчилик фаолиятини якунлагач, Линекер шарҳловчи сифатида ишлай бошлайди. 1999 йилдан у «Match of the Day» телекўрсатувини олиб бора бошлайди – бу BBC One телеканалида 1964 йилдан бери эфирга чиқиб келган футбол ҳақидаги рейтинги энг юқори шоудир. Линекер – BBC корпорациясидаги энг катта маош олувчи бошловчи бўлиб, унинг йиллик иш ҳақи айрим пайтларда 1,7 миллион фунтдан ошади.
12 май куни Линекер инстаграмдаги саҳифасида Фаластин тарафдорларининг «Сионизмни икки дақиқада тушунтириш» сарлавҳали рилсини жойлаштирган. Видеода антисемитизм руҳидаги ҳақоратли штамп сифатида қабул қилинадиган каламушлар тасвири ҳам бўлган. Кўп ўтмай видео ўчирилган, 14 май куни эса Линекер «сўзсиз» узр сўраган. У рамзнинг аҳамияти ҳақида ҳеч нарса билмагани ва «муаммо моҳиятини англаган заҳоти» постни ўчириб ташлаганини айтган. «Мен ҳеч қачон онгли равишда антисемитизм руҳидаги ниманидир бўлишмаган бўлардим, бу менинг эътиқодимга зид», – деган у.
BBC раҳбарияти сўралган узрни етарли эмас деб топди ва Линекер билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди. Шу билан бирга, корпорация пресс-релизида унинг бош директори Тим Дэви бошловчи «ўз хатосини тан олгани»ни таъкидлайди ва унга «йигирма йилдан ортиқ вақт давомида футболни ёритишда ҳал қилувчи овоз бўлгани» учун миннатдорчилик билдиради. Линекер яна бир бор афсусдалигини айтиб, «антисемит руҳдаги қандайдир нарса»ни ҳеч қачон онгли равишда репост қилмаган бўлиши ҳақидаги гапини такрорлаган. «Ҳозирда ортга қадам ташлаш масъулиятли қарор бўлиб туюлмоқда», – дея қайд этади у.
Линекер олдин ҳам ўз сўзлари туфайли можарога учраган. 2023 йил март ойида у ўзининг X’даги саҳифасида (ўша пайтда деярли тўққиз миллион обуначиси бор эди) ноқонуний муҳожирларга қарши қонун лойиҳасини танқид қилганди, лойиҳага кўра, Буюк Британияга ноқонуний равишда келган одамларга келажакда мамлакатдан бошпана сўраш тақиқланиши кўзда тутилганди. Линекер бундай таклифни «энг заиф одамларга қарши қаратилган, 30-йилларда Германияда қўлланган риторикадан деярли фарқ қилмайдиган ниҳоятда шафқатсиз сиёсат» деб атаганди.
Ўшанда Линекер консерватив сиёсатчилар томонидан танқид қилинган (хусусан, у «холокост фожиасини камайтириш»да айбланган), шундан сўнг BBC уни вақтинча телевидениедан четлаштирган. Бироқ, кўплаб бошловчилар Линекер билан бирдамлик билдиришади ва Англия миллий жамоасининг собиқ футболчилари Иан Райт ва Алан Ширер «Match of the Day»нинг навбатдаги сонига таклифни рад этишади, бунинг натижасида дастур қисқартирилган форматда ва экспертлар шарҳларисиз чиқади. Шундан уч кун ўтиб, BBC бош директори Тим Дэйви томошабинлардан узр сўрайди. Кейин Линекер эфирга қайтиши, корпорация эса ходимлар ўз ижтимоий тармоқларини қандай юритиши мумкинлиги бўйича ўз қоидаларини аудитдан ўтказиши эълон қилинди. Линекер твиттерда сиёсий масалалар бўйича фикр билдиришда давом этади.
2024 йил охирида ҳам Линекер «Match of the Day»нинг асосий бошловчиси лавозимини тарк этиши ҳақида расман хабар берилганди, аммо шу вақтга қадар у дастур билан ҳамкорликни давом эттириши, шунингдек BBC учун 2026 йилда Англия кубоги ва жаҳон чемпионати ўйинларини шарҳлаши кутилаётганди.
Мавзуга оид

14:34 / 20.05.2025
ЕИ ва Британия мудофаа ва савдо ҳамкорлигини тиклайди

20:13 / 16.05.2025
Қирол Чарлз III Пол Маккартнидан камбағалроқ экани аниқланди

12:23 / 16.05.2025
Британия Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди

18:28 / 15.05.2025