Жаҳон | 09:03
2940
2 дақиқада ўқилади

Ғазо секторига гуманитар ёрдам юкланган ўнлаб юк машиналари етиб келди

Март ойи бошидан бери Исроил Ғазо секторига ёрдам етказилишини ҲАМАС вакиллари тўхтатиб қолаётганини иддао қилиб, тўсиб қўйган. Гуманитар ёрдамни тарқатишнинг янги механизми ҳали ишга туширилмаган.

Фото: REUTERS

Урушдан вайрон бўлган Ғазо секторига 21 май, чоршанба куни инсонпарварлик ёрдами, жумладан, ун, болалар овқатлари ва тиббий жиҳозлар ортилган яна 100 та юк машинаси етиб келди. Бу ҳақда X ижтимоий тармоғида мамлакат Мудофаа вазирлиги таркибига кирувчи ва инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун масъул бўлган Исроилнинг COGAT ҳукумат ташкилоти ёзган.

«Барча ёрдам хавфсизлик синчковлик билан текширилгандан сўнг ўтказилди. Бу Исроил армияси расмийлари маслаҳати ва сиёсий раҳбарият кўрсатмасига мувофиқ амалга оширилди. Биз Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этамиз, бу ёрдам ҲАМАС ташкилоти қўлига тушмаслиги учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз», — дейилади COGAT постида. Худди шу манбага кўра, бир кун аввал Ғазо секторига худди шундай гуманитар ёрдам юкланган 93 юк машинаси етиб борган.

Гуманитар ёрдам Исроил, Миср ва Ғазо сектори чегаралари туташган жойда жойлашган Керем-Шалом назорат-ўтказиш пунктига етиб келди. Бу ерда гуманитар ходимлар уни кейинчалик маҳаллий аҳолига тарқатиш учун юк машиналарига ўтказишлари керак. Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (World Food Programme, WFP) раҳбари Антуан Ренарнинг айтишича, 78 та юк машинаси «ўз вақтини кутмоқда». «Биз юкларимиз талон-торож қилинмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак», деди у Associated Press'га. Ўтмишда талончилик ёрдам етказилишига тўсқинлик қилган.

Исроил Ғазо аҳолисига ёрдам ҲАМАСнинг юкларни бошқа йўналишга йўналтиришига йўл қўймаслик учун хавфсиз тарқатиш зоналари ташкил этилгач, қайта тикланишини айтди. Бироқ, бу механизм тахминан 25 майгача кучга кирмайди, деди аввалроқ Bloomberg агентлигига Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Кэролайн Глик.

 

Мавзуга оид