Жаҳон | 18:44 / 22.05.2025
1531
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск Пентагонга ташриф буюрди

У мудофаа вазири Пит Ҳегсет билан ҳарбий хизматчилар эҳтиёжлари учун сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди.

Фото: Reuters

АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари Илон Маск Пентагонда мудофаа идораси раҳбари Пит Ҳегсет билан учрашди, деб хабар беради Reuters. Улар ҳарбий хизматчилар эҳтиёжлари учун сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишни муҳокама қилди.

«Ҳарбий хизматчиларимиз 21-аср таҳдидларига қарши курашиш учун зарур жиҳозлар билан таъминланишини кафолатлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги сунъий интеллект соҳасидаги етакчилар билан ўзаро алоқа ўрнатишга уринади», — дейди вазирлик вакили Шон Парнелл.

Бу Маскнинг Пентагонга иккинчи маротаба ташриф буюриши. Мудофаа вазири билан унинг биринчи учрашуви март ойида бўлиб ўтган, турли миш-мишларга сабаб бўлганди: The New York Times мудофаа идораси бизнесмен билан Хитой ва АҚШ ўртасидаги эҳтимолий ҳарбий можаро бўйича стратегияни муҳокама қилишни режалаштиргани ҳақида ёзганди. АҚШ президенти Доналд Трамп ушбу маълумотни ёлғон деб атаган.

Пентагон вакиллари ҳам ОАВда тарқалган «ўта махфий» брифингга оид хабарларни ёлғон деб атаган эди. 21 март куни журналистлар билан суҳбатда Трамп Tesla компаниясига раҳбарлик қилувчи Илон Маскда манфаатлар тўқнашуви бўлиши мумкинлиги, шу боис ҳеч қачон унга бундай маълумотлар билан танишишга рухсат бермаслигини тан олган.

Bloomberg маълумотларига кўра, бунинг фонида Пентагонда ходимларни ёлғон детекторида текшириш бошланган.

Мавзуга оид