Вашингтонда Исроил элчихонасининг икки ходими отиб ўлдирилди
Исроил элчихонасининг икки ходими Вашингтон марказидаги Яҳудийлар музейи яқинида отиб кетилди. Ҳужумда гумонланаётган шахс қўлга олинган.

x.com/IsraelinUSA
Бир эркак ва бир аёл маҳаллий вақт билан 21 май куни соат 21:05 атрофида (Тошкент вақти билан 22 май куни соат 06:05) Яҳудийлар музейида Ғазо аҳолисига ёрдам кўрсатишга бағишланган тадбирдан чиқиб кетаётганда ўлдирилган, деб хабар берди BBC’га учрашув ташкилотчиси.
Исроил элчихонаси матбуот котиби Тал Наим Коэннинг маълум қилишича, қурбонлар ҳужум қилган шахс томонидан яқин масофадан туриб отиб ўлдирилган.
Исроилнинг АҚШдаги элчихонаси Вашингтонда ҳалок бўлган жуфтликнинг исмларини ошкор этган, шунингдек, Ярон ва Саранинг биргаликда тушган сурати эълон қилинган.
Исроил нашрлари маълумотига кўра, уларнинг тўлиқ исмлари Ярон Лишчинский ва Сара Милгрим.
Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йехиел Лейтер ўлдирилганлар турмуш қуриш арафасида бўлган ёшлар бўлганини маълум қилган.
«Ушбу ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдан қайғуришимиз ва даҳшатимизни тўлиқ ифодалаш учун сўз йўқ. Бизнинг қалбимиз уларнинг оилалари билан. Элчихона ушбу даҳшатли пайтда уларга қўлидан келган барча ёрдамни кўрсатади», – дейилади дипломатик идора хабарида.
Гумонланувчи полиция томонидан қўлга олинган ва у Чикагода яшовчи 30 ёшли Элиас Родригес экани аниқланган. Полициянинг таъкидлашича, у ҳибсга олиш чоғида «Фаластинга озодлик» шиорини баланд овозда айтган.
Федерал қидирув бюросининг Вашингтондаги бўлими директори ўринбосари Стив Женсеннинг айтишича, гумонланувчи «терроризмга алоқадорлиги эҳтимоли» бўйича текширилади.
Колумбия округи полицияси раҳбари Памела Смит матбуот анжумани чоғида Родригес илгари ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушмагани ва унинг таржимайи ҳолида «эътиборни тортадиган ҳеч нарса йўқлиги»ни айтди.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар «бугунги терактдан ларзага тушгани»ни айтди ва «бутун дунё бўйлаб Исроил вакиллари доимо хавф остида» эканини қўшимча қилди.
«Мен Вашингтонда содир бўлган воқеадан ҳайратдаман. Бу нафрат ва антисемитизмнинг жирканч ҳаракати бўлиб, Исроил элчихонасининг икки ёш ходимининг ҳаётига зомин бўлди», – деб ёзди Х ижтимоий тармоғида Исроил президенти Исхак Герцог.
АҚШ президенти Доналд Трамп буни «жуда ачинарли» ва «»яққол антисемитизмга асосланган ҳужум» деб атади.
«Биз Исроилнинг Вашингтондаги элчихонасининг икки ходими ўлдирилишини қатъий қоралаймиз. Дуоларимиз уларнинг яқинлари билан. Бу қўрқоқ, антисемит зўравонликнинг қўпол ҳаракати эди. Шубҳаланманг: биз айбдорларни топамиз ва уларни одил судловга топширамиз», – деди АҚШ Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио.

Америка яҳудийлар қўмитасининг Яҳудийлар музейидаги тадбири ташкилотчиси Жожо Калин BBC билан суҳбатда ҳужум қилган шахсни кўрганини айтиб берган.
Калиннинг сўзларига кўра, у отишмадан кўп ўтмай музей биносига кирган ва «жуда саросимага тушган» ҳолатда бўлган.
«Қўриқчилар уни тасодифий гувоҳ ёки ўткинчи деб ўйлаб, ичкарига киритишди», – дейди қиз.
Калин ҳатто унга сув ҳам таклиф қилган, чунки эркак бесаранжом эди. Лекин тўсатдан у қўлига қизил рўмолча олади-да: «Фаластинга озодлик!» деб қичқиради.
Шундан сўнг эркак қўлга олинган. Қалин унинг қуроли борлигини сезмаганини айтади.
Яҳудий музейидаги тадбир бирдамликни мустаҳкамлаш ва яҳудий меросини нишонлаш мақсадида ёш мутахассислар учун «коктейл кечаси» сифатида ташкил этилганди.
Ташкилотчилар – Америка яҳудийлар қўмитаси маълумотларига кўра, унда иштирок этиш Вашингтон дипломатик ҳамжамияти вакиллари учун ҳам очиқ бўлган.
Тадбир тавсифида фахрий меҳмонлар қаторида Яқин Шарқда, жумладан, Ғазодаги инқирозли ҳудудларда ишлаётган, гуманитар ёрдамни йиғиш ва етказиб бериш билан шуғулланувчилар ҳам бўлиши айтилган.
Тадбир ўтказилиш вақти очиқ кўрсатилган бўлса-да, аниқ манзил фақат рўйхатдан ўтган иштирокчиларга маълум қилинганди.
Мавзуга оид

10:48 / 22.05.2025
БМТ Ғарбий соҳилда дипломатларга қарата ўқ узилганини қоралади

10:15 / 22.05.2025
Исроил ҳарбийлари европалик дипломатлар томонга ўқ узди

23:07 / 21.05.2025
Исроил суди ҳукуматнинг ШАБАК раҳбарини лавозимдан олиш қарорини ноқонуний деб топди

17:55 / 21.05.2025