Ўзбекистон | 10:55 / 31.07.2015
4201
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда табиий сиқилган газда ишловчи биринчи автобус тақдимот қилинди

Самарқанд автомобиль заводи CNG двигателли, Евро-4 экологик стандартига жавоб берувчи илк автобусни чиқарди.

30 июль куни Япониянинг ISUZU Motors директори Сусуму Хосои бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Самарқанд автомобиль заводига ташриф амалга оширилди. Унда табиий сиқилган газда ишловчи (CNG) двигателли биринчи автобус тақдимот қилинди.

CNG двигателли автомобилларнинг экологик ҳамда иқтисодий томондан фойдалилиги эътиборга олиниб, унга бўлган талаб юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Ушбу тенденцияларни назарда тутиб, Самарқанд автомобиль заводи ISUZU Motors билан ҳамкорликда шундай йўловчи автобусларини ишлаб чиқариш ҳақида қарор қабул қилганди.

Япониялик делегацияга намойиш этилган янги автобус намунаси меҳмонлар томонидан илиқ қарши олинди. Ушбу автобус Ўзбекистонда йўловчи автобусларини ишлаб чиқаришни янги сифатли босқичга олиб чиқади.

Делегациянинг Самарқандга ташрифи арафасида 29 июль куни Тошкентда томонлар ўртасида битим имзоланди. Унга кўра, “Самарқанд автомобиль заводи”МЧЖнинг таъсис этувчилари таркибига Япониянинг ISUZU Motors Ltd. компанияси ҳам кирди.