Ҳиллари Клинтон ўз таътили учун 100 минг долларга ижарага уй олди
АҚШ президенти лавозимига номзод Ҳиллари Клинтон ўз таътилини Атлантика океани бўйида жойлашган ижарага олинган уйда ўтказмоқчи. Клинтон ўзининг 2 ҳафталик таътилини 4та ётоқхона, каминга эга меҳмонлар учун хона, катта айвон, 15 метрли бассейн ва хусусий пляжга эга уйда ўтказади, деб хабар бермоқда style.rbc.ru нашри.
Ҳиллари Клинтон сайлов кампанияси давомида ўзининг биринчи таътилига чиқмоқда. Клинтон турмуш ўртоғи Билл Клинтон ва қизи Челси билан Хэмптонсда ҳордиқ чиқаради. Клинтоннинг қизи кейинроқ эри ва бир яшар қизи билан уларга келиб қўшилади, деб хабар берган Daily Mail нашри.
Ҳафтасига 50 минг долларга уй ижарага олиш Нью-Йорк ташқарисидаги нуфузли Хэмптонс шаҳри учун ўртамиёна кўрсаткич ҳисобланади. Оиланинг солиқ декларацияларидаги маълумотларга кўра, жуфтликнинг 2007-2014 йиллардаги даромади деярли 140 млн долларни ташкил қилди. Клинтонлар асосий даромадни маърузалар ўқишдан олади. Мисол учун, 2013 йилда жуфтлик бу фаолиятидан 22,85 млн доллар ишлаб олган.
Ҳиллари Клинтон таътилга қарамасдан, бир қатор, аксарият унинг сайловолди кампанияси ҳомийлари билан ишчи учрашувлар ўтказишни режалаштирган. Клинтон Brooklyn Nets баскетбол жамоасининг эгаларидан бири Артур Рабин, венчур сармоячи Алан Патрикоф билан учрашади ва “Ҳиллари Клинтон фермасидаги тўлиной” номли тадбирда иштирок этади.
Клинтонлар оиласининг ёзги таътил удумлари Билл Клинтоннинг президентлик даврларига бориб тақалади. Ўшанда жуфтлик ҳар ёзда ҳозирда Барак Обама дам оладиган Массачусетс штатидаги Мартас-Винъярд курортида ҳордиқ чиқаришган. 2000-йилларда улар Хэмптонсда дам олишни бошлашган ва шундан буён бу ерда ҳордиқ чиқариш улар учун одатга айланган. 2011-2012 йилда жуфтлик East Hampton’да минг квадрат метрдан кўпроқ майдонга ва 8та ётоққа эга уйни бир ойга 200 минг долларга ижарага олган эди.
Клинтонлар ҳозирда ижарага олган уйнинг интерьери ёруғ тусларда ишланган, уйнинг атрофи эса зич ўрмон билан ўралган.