Ўзбекистон | 14:57 / 02.09.2015
16379
3 дақиқада ўқилади

Олий ҳарбий божхона институти тингловчилари қасамёд қабул қилди

Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институтида жорий йилда институтга қабул қилинган тингловчиларнинг “Ҳарбий ва божхоначи қасамёди”ни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Парламент, тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлмиш божхона хизмати мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларининг ҳимояси билан шуғулланади. Табиийки, бу жараёнда замонавий билимларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакага ва амалий тажрибага эга бўлган ёш божхоначи кадрларнинг ўрни беқиёс.

2003 йилда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан ташкил этилган Марказий Осиё минтақасида ягона Олий ҳарбий божхона институтида ҳозирги кунда божхона иши ва юриспруденция мутахассисликлари бўйича  малакали божхоначи кадрлар тайёрланмоқда. Шу пайтга қадар мазкур даргоҳда таҳсил олган 800 дан ортиқ божхоначи кадрлар ҳозирда республикамизнинг турли божхона органларида хизмат қилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Раиси Ф.Дадахожаев, Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраев, Давлат божхона қўмитаси Раиси З.Дусанов, Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмаси раиси Д.Кудриддинов ва бошқалар божхона хизматининг энг муҳим мезони – адолатли бўлиш, қонунларга оғишмай амал қилиш эканлигини, божхона ходимидан нафақат ўз касбининг сирларини чуқур эгаллаш, балки халқимиз маънавияти ҳамда олийжаноб ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этиши зарурлигини алоҳида таъкидлашди.

Айни вақтда институтдаги 11 та кафедра, ихтисослашган дарс хоналари, кимё ва криминалистика лабораториялари, амалий машғулот майдончалари, шунингдек, иккита замонавий ётоқхона, кутубхоналар, спорт мажмуаси,  тренажёр заллари, тир, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, теннис корти  ва бошқа зарур иншоотлар тингловчилар ихтиёридадир. Институт қошида ташкил этилган Ахборот ресурс маркази фондида эса 2,2 минг номдаги 40 мингдан ортиқ адабиётлар жамланган.

Шунингдек, олдиндаги тўрт йилллик таҳсил давомида институтнинг профессор-ўқитувчилар жамоаси уларга божхона соҳасидан сабоқ берадилар. Қолаверса, ҳар ўқув йили якунида тингловчилар Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий божхона бошқармаларида малакавий амалиёт ўташ имкониятига ҳам эгадирлар.

Тантаналар Олий ҳарбий божхона институти қошида ташкил этилган ҳаваскор ансамбл ва ҳарбий оркестр томонидан тайёрланган концерт дастурига уланиб кетди.