Франкфурт автосалонида бизни нималар кутмоқда?
Бугун, 15 сентябрь куни Франкфуртда йилнинг энг йирик автошоуси очилади. Бу кўргазмада намойиш этилган автомобиллар бутун жаҳон автосаноатининг тараққиёт йўлини белгилаб беради. Франкфуртда жуда кўплаб автомобиллар тақдимоти бўлиб ўтади.
Энг муҳимлари
Албатта, янги Opel Astra. Шунингдек, Kia Sportage’нинг янги авлоди. Эски авлод Sportage’ларидан сезиларли яхшиланган моделнинг ҳозирча энг муҳим жиҳати — нархи номаълум, холос. Унинг савдоси 2016 йилда бошланиши ва бошқа тафсилотлари ҳақида аввалроқ ёзилганди.
Жорий Франкфурт автосалонини ҳеч бир муболағасиз «кросовверлар салони» деб аташ мумкин. Шу вақтгача ҳеч бир кўргазмада SUV сегментига мансуб бунчалик кўп автомобиль тақдимоти бўлиб ўтмаган. Бу сафар ҳатто Bentley ҳам бу йўналишда ўзини кўрсатишга қарор қилган — Британия компанияси ўз тарихидаги илк йўлтанламас — Bentayga билан Германияга келади. Инглизлар уни нафақат «жаҳондаги энг бақувват, энг эксклюзив ва энг ҳашаматли» деб атамоқда, балки энг тезкор кроссовер сифатида ҳам кўрмоқда — Bentley Bentayga соатига 301 километр тезликда ҳаракатлана олади; таққослаш учун, энг кучли Porsche Cayenne спидометр кўрсаткичини узоғи билан 284 километр/соатга олиб чиқа олади, холос.
Jaguar ва кроссовер — бу ҳам қулоққа нотаниш сўз бирикмаси, бироқ улар ҳам F-Pace номли модель билан «кроссоверлар тақдимоти» рўйхатида бор. Мазкур автомобилнинг барча тафсилотлари автосалоннинг биринчи кунида маълум бўлади, бироқ ҳозирдан бир нарса — F-Pace катта қизиқишга сабаб бўлиши аниқ, чунки сўнгги вақтларда Jaguar муҳандислари тайёрлаган машиналар фақат ижобий таассурот қолдирмоқда.
Volkswagen Tiguan’ни ҳам ёддан чиқармаслик керак. Немислар сир сақлашни яхши билишади ва ҳозирча бу автомобиль ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Бундан ташқари, BMW учун кўп жиҳатдан инқилобий модель ҳисобланган X1 ҳам Франкфуртда намойиш этилади. Унинг инқилобийлиги шундаки, автомобиль олд юргизгич билан ҳаракатга келади. Шунингдек, Lexus компанияси RX’нинг Европа бозори учун мўлжалланган янги версиясини, Ford катта Edge кроссоверини, Nissan янги авлод «Навар» пикапини, Citroen’нинг шўъбаси ҳисобланган DS эса 4 Crossback моделларини кўз-кўз қилиш учун Франкфуртга келади. Буларнинг бирортаси концепт эмас, бари тез орада савдода пайдо бўлади.
Янги стандартлар
Енгил автомобиллар орасида эса BMW’нинг мутлақо янги «еттиси» энг қизиқарли модель бўлиши кутилмоқда. Автомобиль ҳақиқий маънода инқилобий — унда ақлбовар қилмас даражада кўп янгиликлар татбиқ этилган, имо-ишора орқали бошқариш тизимлари ва жаҳондаги энг зўр ўт олдириш калити билан таъминланган.
Янги Audi A4’нинг премьераси ҳам сабрсизлик билан кутилмоқда — мазкур модель Mercedes-Benz C-class ва учинчи серия BMW каби рақобатчиларга кучли зарба бўлиши тахмин қилинмоқда. Айтмоқчи, BMW’нинг 3-серияси ҳам Франкфуртда битта премьерага айланади. Mercedes эса S-class негизидаги кабриолет билан жавоб беради. Агар «Мерс» камлик қилса, Rolls-Royce’нинг стендига ўтиб, Dawn кабриолетидан баҳра олиш мумкин.
Арзон автомобиллар сегментида ҳам бир қатор янгиликлар бор. Масалан, Suzuki унча катта бўлмаган ва нархи ҳам ҳамёнбоп Baleno хэтчбекини намойиш этади, Renault эса янги Megane’ни намойиш этади.
Келажакка назар
Франкфуртда у ёки бу марка яқин йиллар ичида қайси йўналишда ривожланишини кўрсатиб берувчи истиқболли концептларнинг намойиши ҳам бўлиб ўтади. Бу ерда ҳам, хоҳлайсизми-йўқми, кўз кроссоверларга тушади — масалан, Mazda компаниянинг йўлтанламас купесининг кейинги авлоди бўлиши мумкин бўлган (ва катта эҳтимол билан CX-6 индексини оладиган) Koeru моделини намойиш этади.
SsangYong ҳам иккита истиқболли йўлтанламасни омма эътиборига ҳавола қилади, Citroen эса айнан Франкфурт автосалони учун махсус Cactus M йўлтанламас кабриолетини ишлаб чиқди. Қайта туғилган Borgward ҳам Хитойда ишлаб чиқариладиган кроссовери билан қатнашади. Nissan ҳам янги кроссовернинг (айтишларича, у Juke’нинг ўринбосари экан!) концепти билан бизни таништириш ниятида.
Умуман, Франкфуртда томошага арзирли автомобиллар кўп. Бу сўнгги йиллардаги энг қизиқарли автосалон бўлиши кутилмоқда. Унинг бошланишига озгина қолди.
Манба: carzone.uz