Марғилонда “Атлас байрами” фестивали катта муваффақият билан ўтди
Жорий йилнинг 10-12 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида Марғилон шаҳар ҳокимлиги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ЮНЕСКО ишлари бўйича қўмитаси, Республика Халқ усталари, мусаввирлари ва ҳунармандлари "Ҳунарманд" уюшмаси, Германия Республикасининг Ўзбекистондаги "DVV" ташкилоти хамкорлигида “Атлас байрами” фестивали ўтказилди.
Фестиваль 11 сентябрь куни “Миллий ҳунармандчилик маркази”да тантанали равишда очилди. Маросимда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат, Германия Халқ университетлари уюшмасининг халқаро ҳамкорлик бўйича институти (DVV)нинг Ўзбекистондаги ташкилоти раҳбари, Республика Халқ усталари, мусаввирлари ва ҳунармандлари "Ҳунарманд" уюшмаси раиси Мухаммадюсуф Қурбонов, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Садриддин Қўчқоров қатнашди.
Фестиваль доирасида “Сифат белгиси” кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Дизайнерлар Марҳамат Умарова, уста-ҳунармандлар – каштачи Мадина Қасимбаева, читгар Раҳимжон Мирзааҳмедов, табиий бўёқлар бўйича мутахассис Расулжон Мирзааҳмедовнинг “Маҳорат дарслари”, санъатшунослар Наташа Мусина, академик Акбар Ҳакимов, Шаҳло Абдуллаева, Бинафша Нодирнинг “Бугунги ҳунармандчилик: ютуқлар ва камчиликлар” мавзусидаги маърузалари, касб-ҳунар коллежлари ишлаб чиқариш усталари ва ўқувчиларига Корея Республикасидан ташриф буюрган мутахассисларнинг “Маҳорат дарслари” ўтказилди.
Фестиваль доирасида Марғилон марказий истироҳат боғида республикамиздан ташриф буюрган 100дан ортиқ ҳунармандларнинг кўргазмалари, Республика “Ошпазлар” уюшмасининг ташаббусси билан ўтказилган ошпазлар танлови Марғилонга ташриф буюрган хорижий меҳмонларни лол қолдирди. Айниқса 11-12 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Бангладеш дизайнерларининг “Либослар намойиши” барчада катта таассурот уйғотди.
Фестиваль 12 сентябрь куни тантанали равишда якунланди ва бу фестивални ҳар икки йилда Марғилон шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.