Ўзбекистон | 14:40 / 11.10.2015
9691
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтдаги Дўрмон йўли билан Боғишамолни боғловчи автомагистраль қурилиши давом эттирилмоқда

Аввал хабар қилинганидек, «Ўзавтойўл» компаниясининг Тошкент Кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси (КХСИТФК) мутахассислари томонидан Тошкент шимоли-шарқида пойтахтнинг иккита серқатнов - Боғишамол ва Мирзо Улуғбек кўчаларини туташтирадиган йўл участкаси қурилмоқда. Mytashkent.uz сайтининг хабар қилишича, бугунги кунга келиб, магистрал қурилишида асосан асфальтнинг сўнгги қатламини ётқизиш ишлари қолган.
Нашрнинг қайд этишича, янги автомобиль йўли ҳали тўлиқ тайёр эмас, асфальтнинг сўнгги қатламини ётқизиш ва “Тошкент-Хўжакент” йўналишидаги электрлаштирилган темир йўл кесишмаси қурилишини амалга ошириш лозим.
Эндиликда узунлиги 1,6 км бўлган янги автомобиль йўли илгари Кабель заводига тақаладиган йўлнинг давоми сифатида заводнинг қоқ ўртасидан кесиб ўтиб, Чаманбоғ кичик кўчаси бўйлаб, Ботаника боғи ёнидан ўтади ва Боғишамол кўчасига олиб чиқади.
Натижадан Ботаника боғидан бошланган йўл Академиклар шаҳарчаси орқали Буюк Ипак йўли кўчасидан Қорасув мавзесига ўтиб, Тошкент тиббиёт академиясига қадар давом этади.