Жамият | 00:08 / 09.12.2015
15940
2 дақиқада ўқилади

Ботир Қодиров Ватан ҳақида аскарларбоп янги таронани тақдим этди

Одатда Ватан ҳақидаги шеър, куй-қўшиқлар расмий саҳналар, давлат тадбирларию тор доираларда ижро этилади. Бу ҳол ушбу мавзунинг залвори, қадр-қиммати, ҳамма ҳам тилга олавермайдиган, енгил-елпи қараб бўлмайдиган экани билан боғлиқ бўлса керак эҳтимол. Бироқ Ватан ҳақида самимий оҳангларга йўғрилган шундай тароналар, шеърлар борки, улар давра танламайди, қалблардан отилиб чиққан туйғулар юракларни забт этаверади.

Эстрада хонандаси Ботир Қодиров ўз репертуарини Ватан ҳақидаги ана шундай ажойиб тароналардан бири билан бойитди, десак адашмаган бўламиз. Мазкур қўшиқнинг сўзи Мансур Эргашевга тегишли бўлса, унинг мусиқаси Илҳом Маматов томонидан басталанган. Ботир Қодиров ўз услубида, бироқ ноодатий тарзда ижро этган қўшиқ, айниқса, Ватан ҳимоясида бўлган аскарлар, ҳарбийларга маъқул келиши аниқ. Сокин, айни пайтда мардонавор оҳангларда ватанга муҳаббат, она юртга эҳтиром, тинчликка шукроналик йўғрилиб кетгандек. Бу қўшиқни тинглар экансиз, кўз ўнгингизда гитара ёрдамида қўшиқ айтаётган аскар, унинг атрофини қуршаб олган хизматдошлари гавдаланади.

Айтиш мумкинки, ушбу тарона бугунги замонимизда — ён-атрофдаги мамлакатларда тало-тўп бўлиб, нотинчлик ҳум сураётган бир даврда ҳарбийларимизнинг руҳини кўтаради, уларга дадиллик бағишлайди. Буни, аввало, юртимизда тинчлик ҳукм сураётгани ва бу олий бахт эканлиги, қолаверса, юрт мудофаасида ватанпарвар ҳарбийлар камарбаста эканлигига йўйиш мумкин. Хонанда байрам арафасида ушбу таронани Kun.uz сайтига эксклюзив тарзда тақдим этди.