Жаҳон | 14:13 / 10.12.2015
4426
1 дақиқада ўқилади

Пекинда экологик хавфлиликнинг "қизил" даражаси бекор қилинди

Пекинда 6 декабрь куни ҳавонинг ифлосланганлиги туфайли экологик хавфлиликнинг энг юқори – «қизил» даражаси эълон қилинганди. Ҳукумат заҳарланган ҳаво сабабли 7—9 декабрь кунлари Хитой пойтахтидаги мактаб ва болалар боғчасида очиқ ҳаводаги машғулотларни бекор қилиш ҳақида фармойиш берганди.

Бугун, 10 декабрь куни Пекин осмони мусаффо бўлиб турибди ва ҳукумат экологик хавфлиликнинг "қизил" даражасини бекор қилган.

Лекин, шунга қарамасдан шаҳар аҳолиси ниқобларини ечишга шошилмаяпти.

Айни вақтда ҳавода соғлиқ учун зарарли бўлиши мумкин бўлган заҳарли моддалар кам миқдорда сақланиб қолган.

"Қизил" даража амал қилган кунларда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси шахсий транспортдан фойдаланишни чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бундай шароитда йўловчи транспортининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш учун пойтахт ҳукумати йўналишларга қўшимча 840та автобус, метро тизимига эса 53та вагон киритди.