Спорт | 22:37 / 23.12.2015
4228
2 дақиқада ўқилади

Юқоридан қулаган дрон чанғичига шикаст етказишига бир баҳя қолди

Тоғ-чанғи спорти бўйича жаҳон кубогининг 4 карра соҳиби Марсель Хиршер мусобақалар пайтида юқоридан қулаган дрондан шикастланишига бир баҳя қолди. Йирик ўлчамдаги дрон спортчидан бир неча сантиметр нарида тоғ ёнбағрига келиб урилган.

Ушбу воқеа Италиянинг Мадонна-ди-Кампильо посёлкасида жаҳон кубоги босқичларидан бири ўтаётганда содир бўлди. Дрон Хиршер ўз уринишини бажараётганда қулаган, бироқ спортчига тегмаган. Спортчи ўз уринишини охиригача етказиб, норвегиялик спортчи Хенрик Кристофферсенга имкониятни бой бериб, 2-ўринни эгаллади.

Қулаган дрон ҳаваскорлик дрони бўлмаган, унинг ёрдамида пойга суратга олинган. Эркаклар пойгаси раҳбари Маркус Уолднер дрон оператори белгиланган қоидаларни бузганини айтди, яъни у бевосита трасса устида дронни учиришга ҳаққи бўлмаган. “Дрон трассадан ташқарида ва чанғичидан 15 метр нарида парвоз қилиши керак. Шу ҳолатда захира масофа сақланиб, бундай ҳолат юз бермаган бўларди”, деб айтди Уолднер.

Чанғи спорти халқаро федерацияси нохуш воқеадан кейин пойгалар пайтида дронлардан фойдаланишни тақиқлаб қўйди.

“Мен ҳеч нарса юз бермаганидан хурсандман. 20 метр баландликдан 10 кг лик юк устингга тушса, нима бўлишини ўйлашни истамайман. Бу жуда жиддий жароҳат бўларди”, деб айтмоқда спортчининг ўзи.