Жамият | 16:43 / 06.01.2016
6758
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистон президенти ўз сартарошининг ролини ижро этди

Мўғулистон президенти Элбэгдорж Цахиагийн Янги йил арафасида, 31 декабрь куни миллатга расмий мурожаат ўрнига ўзига хос йўл тутиб, қизиқарли видеоролик тайёрлаб, аҳолига тақдим этди.

Мўғулистон президентининг YouTube’даги каналида “Мэндчилгээ” (саломлашув) деб номланган 5 дақиқали қизиқарли видеоролик жойлаштирилди.

Мазкур ролик скетчком жанридаги қисқа пародия бўлиш баробарида, президентнинг бир йиллик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботдир. Унда Элбэгдорж президент сартарошининг ролини ижро этди. Мўғулистон президенти образида эса таниқли актёр Доржсүрэн чиқди.

“Президент” ва “сартарош” давлат раҳбарининг бўйи паст эканлиги устидан киноя қилиш билан чекланмай, мажозий ифодаларда барча ютуқлар ва камчиликларни ҳам очиб бердилар. Жумладан, “шаффоф даромад” сиёсатини акс эттириш учун “президент” чўнтагидан шаффоф ҳамён чиқаради, ундан олган пулни эса “сартарош” ичи кўриниб турадиган шаффоф сейфга ташлайди.

Бундан ташқари, Россия мадҳияси садолари остида сартарошхонага “Владимир Путин” кириб келади, лекин унга эшикларни адаштириб юборгани айтилади.
Элбэгдорж сартарошхонасидаги аёл мижоз эса Барак Обамага ишорадир.

Аёл президент билан селфи тушади, аммо ўша пайтда қўлини кўтаради ва “президент”нинг юзини тўсиб қўяди. Ўтган йилги саммитлардан бирида суратга тушиш чоғида Обама дарҳақиқат қўлини кўтариб, Элбэгдоржнинг юзини тўсиб қўйган эди.